Дастлабки натижалар

Германия Федерал сайлов комиссияси душанба куни барча 299 округдаги протоколларни ҳисоблаб чиқиб, сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Почта орқали йўлланган бюллетенларни ҳисоблаш жараёни давом этмоқда. Энг кўп овозни социал-демократлар қўлга киритган, аммо ҳукуматни шакллантириш учун коалиция бўйича келишувга эришиш керак бўлади.

  • Социал-демократик партия (ГСДП) — 25,7 фоиз;
  • Христиан-демократик ва Христиан-социалистик иттифоқ (ХДИ/ХСИ) — 24,1 фоиз;
  • «Яшиллар» — 14,8 фоиз;
  • Эркин демократик партия (ЭДП) — 11,5 фоиз;
  • «Германия учун альтернатива» — 10,3 фоиз;
  • «Сўллар» партияси 4,9 фоиз.

2017 йилги сайловлар билан таққослаганда ХДИ/ХСИ блоки натижаси 8,9 фоиз пунктга ёмонлашган. Социалистлар эса ўтган сайловдаги натижасини 5,2 ф.п.га яхшилаган, «Яшиллар» — 5,9 ф.п.га. «Сўллар» 4,3 ф.п., «Германия учун альтернатива» — 2,3 ф.п. йўқотган.

Сиёсий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Infratest Dimap компанияси ХДИ/ХСИнинг бу сайловлардаги йўқотишини икки миллион овозга баҳолаган - улар «яшиллар» ва социал-демократларга кетган.

Бундестагда ўтган сафарги 709 ўрнига 735 депутат бўлади, ўринлар қуйидагича тақсимланади:

  • Социал-демократик партия (ГСДП) — 206;
  • Христиан-демократлар ва Христиан-социалистлар иттифоқи (ХДИ/ХСИ) — 196;
  • «Яшиллар» — 118;
  • Эркин демократик партия (ЭДП) — 92;
  • «Германия учун альтернатива» — 83;
  • «Сўллар» партияси — 39.

Темир фрау билан хайрлашув. Ангела Меркель Германия ва Европа учун ким эди?

Фаворитлар

Германияда 2021 йилги парламент сайловларида сўнгги 16 йилда илк бор ГФРнинг амалдаги канцлери иштирок этмади. Ангела Меркель 2018 йилдаёқ Христиан-демократлар иттифоқи раҳбарлигини бўшатиши ва тўртинчи муддатдаги канцерлиги якунида сиёсатни тарк этиши ҳақида маълум қилганди. Унинг ўрни учун учта асосий партия кураш олиб борди, лекин бу учлик кўрсаткичлари орасида катта фарқ бўлмагани туфайли сайловлар якунлари ҳамон ноаён бўлиб қолмоқда.

Экзитполлар буни тасдиқлаган — якшанба куни овоз бериш участкалари ёпилиши билан Infratest dimap/ARD ўтказган сўровга кўра, ХДИ/ХСИ ва Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) 25 фоиз атрофида овоз олиши, «Яшиллар»нинг кўрсаткичи 15 фоиздан ошиши, «Германия учун альтернатива» ва Эркин демократик партия (ЭДП) 10-11 фоиз атрофидаги сайловчилар қўллаб-қувватловига эришгани, «Сўллар» 5 фоизлик чегарадан ўта олмагани, қолган партияларнинг жами овози 8 фоиз атрофида бўлгани маълум қилинганди. Расмий натижалар кейинроқ эълон қилинади.