Чирчиқ шаҳридан таҳририятимизга келиб тушган шикоятда суви, “свети” йўқ қабристон ҳақида ёзишибди.
Аввалига: “Тирикларнинг шунча муаммоси туриб, ўзга дунёга кўчиб ўтган, бу дунёда жонсиз танаси қаерда ётгани у учун аҳамиятсиз бўлганларнинг “муаммосини” кўтарамизми?” дедик ўзимизга ўзимиз. Аммо ўша қабристонга азиз кишисини – отасини қўйган опа-сингилнинг қайта-қайта қилган илтимосига дош беролмай, у ерга бордик. Шундагина тушундик, ҳис қилдик – гарчи ўликларга танаси қаерда ётганининг фарқи бўлмаса-да, яқин кишисини ерга қўйган тириклар учун бунинг аҳамияти бор экан…

“Отамизни йўқотдик. Меҳрибон, ғамхўр отамизни йўқотдик, – дея сўз бошлади Дилноза Тоғаева. – Отам Чирчиқ шаҳрига ҳарбий хизматчи бўлиб ишга келганлар, Чирчиқ шаҳри янги барпо этилаётган пайтлар эди, хизматни ўтаб, шу ерда оила қуриб, қарийб 60 йилга яқин Чирчиқда яшадилар. Ҳамиша шаҳар обод бўлишига, кўкаламзорлаштиришга харакат қилган инсонлардан бўлиб келганлар.

Шаҳардаги 14-сонли қабристонга дафн этдик. Қабристонга келар эканмиз, унинг хароб аҳволи дилимизни вайрон қилди. Тушунаман, ўлганларга қаерда ётиш муҳим эмас. Бироқ...
Отамнинг фарзанди сифатида ва шу ерда ётган барча индамаслар оламига кўчган инсонлар ҳақи-ҳурмати шу ерни обод қилишга бел боғладик. Аммо кўп сонли мурожаатларимиз ҳокимият ва мутасадди раҳбарлар томонидан беписандлик, бепарволик билан рад этиб келинмоқда”.
Чирчиқ шаҳри “Маърифат” МФЙ раиси Анвархон Маҳсумов билан ҳам суҳбатда бўлдик.

“Мен бу мозор тўғрисида чопавериб, бормаган жойим қолмаган. Ҳаммага айтганман: “Мана шу мозор – ҳаммамизнинг келажакда келиб ётадиган уйимиз. Келинглар, шу ерни обод қилайлик”, деб. Ободонлаштириш бошқармасининг раҳбари мана шу мозоримизни ҳали келиб кўрмаган. Кеча президент порталига мурожаат қилингани учун, шу ерни телефонда локация билан топиб келибди. Бу қанақаси, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари мозори қаердалигини билмаса?!

















