2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқ савдоси ва импорти ҚҚСдан озод қилинди.
Қонундан мақсад – ички бозорда ушбу маҳсулотлар нархини барқарорлаштириш. Хўш, бу мақсадга эришилишини кутиш мумкинми?
Бу маҳсулотлар нархи ошиши статистикаси қандай?
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик нисбатда мол гўшти 13,8 фоизга (ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 22,3 фоиз бўлган), қўй гўшти 12,3 фоизга (ўтган йили 26,8 фоиз), балиқ маҳсулотлари эса 10,9 фоизга қимматлашган.
Ўтган 2020 йилда картошка нархи 42 фоизга ошганди.
Юқоридаги қонун айнан мавсумий омиллар сабаб нархлари ошиш эҳтимоли юқори бўлган ушбу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсади билан изоҳланмоқда.
ҚҚС имтиёзи ижобий самара берадими?
Энди вазиятга бошқа томондан қараб кўрамиз.
Биринчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчи юқорида кўрсатилган маҳсулотлар бўйича импорт товар билан кучли рақобатга кириша олмайди. Сабаб – нарх ва хомашё муаммоси. Четдан ушбу маҳсулотларни импорт қилувчиларга имтиёз берилган ҳолда, мамлакат ичкарисида худди шу меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларга имтиёзлар берилгани йўқ.
Масалан, чорва етиштирувчи маҳаллий фермер асосий озуқа маҳсулотларини (омихта ем, шелуха ва ҳ.к.) аввалги нархларда харид қилишни давом эттириши, йил давомида содир бўлган қурғоқчилик натижасида ем-хашакнинг камайиши таъсирида, унинг гўшт етиштиришга нисбатан рағбати камаяди.







