UzbekLife хориж мамлакатларидаги муваффақиятга эришган ватандошларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатимиз қаҳрамони Навбаҳор Баудот аслида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг француз тили филологиясида таҳсил олган. Аммо, ўзидаги истеъдод сабаб ҳозирда мода оламида фаолият олиб бормоқда.
Биринчи устозим – онам
Хоразм вилояти Гурлан туманида вояга етганман. Онам ҳам тикувчи эдилар ва мен тикиш-бичиш кабиларни айнан онамдан ўрганганман. Аммо, бундан ташқари чет тилларни ўрганишга ҳам қизиқардим. Шу сабабдан, 2000 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирдим. Ўқиш давомида ҳам турли модалар уйларида ишладим. 2007 йилда ўқишни тамомлагач, Францияга келдим ва мода, дизайн соҳаси менинг келгуси йўлим эканлигини тушуниб етдим.

Францияга 200 АҚШ доллар билан келганман
Ўқишни 2005 йилда битиргач, мактабда дарс бериш учун ишга кирдим. Аммо, “прописка” муаммоси сабаб бу ерда ишлай олмасдим. Онам бу вазиятда менинг ҳар қандай қароримни қўллаб-қувватлашини айтди ва мен Францияга келиш йўлини топдим. 2007 йил сентябрда Францияга дастлабки келганимда фақатгина 200 АҚШ доллар пулим бор эди. Бир оила билан шартнома тузгандим ва бу оилада 9 ой мобайнида яшашим керак эди.

Қийинчиликларга ўрганишни аввалдан бошлагандим
Тўғри, бу ерда дастлаб анчагина қийинчиликларга дуч келдим. Тил билганим ҳам уларнинг маданиятига тез киришиб кетиш имкониятини бермади. Аммо, мен бундай қийинчиликларни енгиб ўтишни аввалдан ўргангандим. 2000 йилда онам мени Тошкентга олиб келган ва бу ерда ҳам шу каби жараёнларни бошдан ўтказгандим.
Қарз олиб, тикув машинаси олганман
Эсимда, бор-йўғи 30 евро пулим қолган эди. Тил мактабидаги ўртоғимдан 90 евро қарз олиб тикув машинаси олганман ва шу тариқа ўз фаолиятимни бошлаганман. Биринчи болалар учун кийимчалар тикканман. Топадиган пулим у қадар кўп бўлмасада, менга анча катта даромаддек бўлиб туюларди.














