Президент Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашувда “Сурхон халқининг бошига туҳматлар, бўҳтонлар бўлгани ҳам рост”, деди ва сўнгги йилларда одамлар хотиржам ва эркин нафас ола бошлагани ҳақида гапирди.

Умуман, давлат раҳбари нимага ишора қилгани кўпчиликка маълум эди. Яқин ўтмишда Сурхондарёда кучишлатар тизимларнинг айрим ходимлари ўз ваколатини суиистеъмол қилгани, улар томонидан инсон шаъни, қадр-қиммати оёқости қилингани, кўплаб инсонлар туҳмат билан узоқ муддатга қамалиб кетгани сир эмас.

Сариосиёлик Саидмуҳиддин Холиқов бошидан ўтганларини айтиб бераркан, президент Мирзиёев айтган гаплар айнан унинг ҳам тақдирида кечганини тушуниш қийин бўлмади.

Қаҳрамонимиз 2016 йилнинг 24 февралида жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш, оммавий тартибсизликлар уюштириш каби айбловлар билан жавобгарликка тортилган.

Саидмуҳиддин Холиқов 2020 йилнинг ёзида оқланган. У Kun.uz'га бошидан ўтказганлари, хусусан, қандай қилиб кучишлатар тизимларнинг нишонига айлангани, ўзига нисбатан қилинган адолатсизликлар, жисмоний ҳамда руҳий азоблар ҳақида ҳикоя қилиб берди:

— 2015 йилнинг мартида ИИБ ходимлари мени ҳеч қандай изоҳларсиз кўчадан ушлаб олиб кетишди, – дея ўз ҳикоясини бошлади Саидмуҳиддин Холиқов. – Дастлаб машинамни тинтув қилишди, ўзимни вилоят марказига олиб кетишди. Бирор айб қўйишга асослари бўлмагач, ўзларининг ихтиёрларида қолишим учун ҳам шахси номаълум фуқаро сифатида расмийлаштириб, “дайдихона” (ИИБ ҳузуридаги реабилитация маркази – таҳр.)га жойлаштиришди.

У ерда шундай муомала қилишдики, буни инсон боласига қўллаб бўлмайди. Бутунлай ўзимни йўқотиб қўйдим. Беш сутка давомида бир дақиқа ҳам ўтирмадим. Танамдан электр токини узишмади. 24 соат давомида тўрт киши келиб тергов қилади, улар кетиб яна ўрнига бошқа тўрттаси келади. Мен уларга айтдим: “Акалар, етти нафар фарзандим бор. Нима мақсадларинг, айтинглар”, десам, “ўзинг ичингдагини айт”, дейишарди.