Ўзбекистон | 13:56 / 15.11.2021
3787
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қўшни аёлни пичоқлаган эркакка ҳукм ўқилди

Самарқанд вилояти Ургут туманида қўшнининг уйига босқинчилик қилиш учун кириб, қўшни аёлга 17 марта пичоқ урган эркакка ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят суди матбуот котиби хабар берди.

Фото: AP

Маълум қилинишича, Ургут туманида яшовчи эркак босқинчилик қилиш мақсадида қўшни ҳовлига кирган. Қўшни аёл И.И. пайқаб қолгач унга пичоқ билан ташланган. У аёлга болаларнинг кўз ўнгида 17 марта пичоқ урган. Сўнг уйига кетган.

Оғир тан жароҳатлари олган аёлга тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ўзига келган аёл пичоқ урган шахсни қўшнисига ўхшатганини айтган. Шундан сўнг, гумондор шахс қўлга олиниб унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки суриштирувда гумондор шахс спиртли ичимлик таъсири остида бўлгани маълум бўлган ва у мастликда қўшнисининг уйига босқинчилик қилиш учун кирганини ва буни аввалдан режалаштириб келганини тан олган.

Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судида мазкур жиноят иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида эркакка ҳукм ўқилган. Жиноят иши бўйича тўпланган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳлар ва айбланувчининг кўрсатмаларини эшитиб суд 41 ёшли Д.М.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси «ж» ва «и» бандлари, 164-моддаси 3-қисми «в» ва «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топган ва 16 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Мавзуга оид