Uzbek.life порталининг Канада ойлиги доирасидаги навбатдаги суҳбатдоши Канаданинг Бритиш Колумбия провинциясида истиқомат қилаётган ватандошимиз Раҳматилло Исроилов. Суҳбат қаҳрамонимизнинг Канадага иммиграция қилиш йўлидаги тажрибалари ва таассуротлари ҳақида бўлди.

Канада сари илк қадамлар

Ўзим Самарқанд вилоятида туғилганман. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олганман. Даставвал телевидениеда, сўнгра Kun.uz сайтида иш фаолиятини олиб борганман. 

Канадага бориш учун шу йил – 2021 йилдан ҳаракатларни бошладик ва барча виза турлари билан танишиб чиқа бошладик. Улар орасидан ўқиш учун виза олиб Канадага келиш бирмунча осон туюлди. Турмуш ўртоғимга талаба визаси, менга “open work permit”, яъни ишлаш рухсатномаси берилиши билан ўз мақсадимизга эришдик деб айта оламан. 

Виза олиш муддати ҳақида айтадиган бўлсам, бунда менга 4 ойча вақт керак бўлди. Аммо, бу барча 4 ой ичида виза расмийлаштира олиши мумкин дегани эмас. Бу офицерларнинг визани кўриб чиқиш муддатига боғлиқ. Бизда Канада элчихонаси бўлмаганлиги ҳамда жуда кучайган карантин сабаб виза олиш жараёнлари анчагина қийин кечганди. Энг яқин виза марказлари Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ҳамда Дубайда жойлашганди. 

Канада Сусамбил эмас...

Канададаги 2 ойлик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, Канада Америка эмас, Канада Сусамбил ҳам эмас. Канадада тил билмасдан келиш ва ёки яшаш жудаям қийин. Очиқроқ бўлса-да айтаман, бу ерга келиш учун бирмунча маблағ ҳам талаб этилади. Бундан ташқари, Канадага келгач мослашиш жараёнини ҳам бошдан ўтказишингиз керак. 

Тиббий текширувдан Ўзбекистонда туриб ҳам ўтса бўлади

Юқорида санаб ўтган виза марказларида фақатгина бармоқ изларини топшириш, суратга тушиш ва шу кабиларни амалга ошириш мумкин. Визаларни расмийлаштириш эса фақатгина Москва ёки Польшадаги Канада элчихоналари орқали бўлади. Бармоқ изларини топшириш ҳам пуллик бўлиб, нархи 85 доллар эди. Бундан ташқари яна бир қанча харажатлар билан 200 долларча пул сарфлашингизга тўғри келади. Шундан сўнг сизнинг виза аризангиз кўриб чиқилади ва сиз Канада учун мос деб ҳисоблансангиз, сизга “medical” (тиббий текширувдан ўтиш) хати келади. Бу хатнинг юборилиши сизга виза берилиши эҳтимолининг юқорилигини билдиради.