Uzbek.life’нинг навбатдаги суҳбатдошлари Японияда 18 йилдан бери яшаётган Дадабоевлар оиласи бўлди. Қаҳрамонимиз Акбар Дадабоев Япониядаги “Cezars kitchen”нинг Осиё-Тинч океани минтақавий директори сифатида фаолият юритади. Турмуш ўртоғи Умида Ашурова эса Кинжо Гаукин университети профессори ҳисобланади.
“Қўқонжон”да туғилганман...”
Акбар Дадабоев: Мен Қўқонда туғилиб ўсганман. Қўқонни эркалаб Қўқонжон дейишни яхши кўраман. Мактабни тамомлагач, иқтисодиёт лицейида, ундан сўнг Тошкентдаги иқтисодиёт университетида таҳсил олганман.

12 ёшимда 4 та тилда бемалол гаплаша олардим
Умида Ашурова: Мен асли Андижонда туғилганман. Лекин Фарғонада улғайганман. Шу сабабдан ҳам Фарғона давлат университетининг хорижий тиллар филологияси факультетида таҳсил олганман.
Таҳсил олиш учун Япония давлатини танлашимизга кўплаб сабаблар бор. Ўзи мени юз тузилишим шарқий осиёлик аёлларга ўхшагани сабабли мактабда ҳам, кейинчалик олийгоҳда ҳам лақабим “японка” бўлган. Шу боисдан ҳам ўша вақтлардан бошлаб менда Япония давлатига қизиқиш пайдо бўлган. Бундан ташқари, ёшлигимдан тилларни ўрганишга қизиқишим кучли бўлган. 12 ёшимда 4 та тилда бемалол гаплаша олардим. Университетда инглиз, француз, немис ва испан тилларини ўрганганман. Юқорида санаб ўтган тилларни ўрганиш нисбатан осонроқ бўлганлиги сабабли мен ўрганиш қийинроқ ва нисбатан мукаммалроқ бир тилни ўрганишни хоҳлардим ва айнан, япон тилини танлаганман. Японияга қизиқишим япон тилини ўрганишим давомида ортган.

Ўқишни ташлаб кетганимга афсусланмайман.
Акбар Дадабоев: Фарзандли бўлганимдан сўнг мен улғайганимни ва энди елкамда икки ҳисса масъулият борлигини ҳис қилганман. Ўша вақтлар Умида ҳам, мен ҳам магистратурада ўқирдик. Иккаламиз ҳам талаба бўлганимиз сабаб ўқишдан ортиб ишлаш масаласи қийин эди. Шунда бир нарсани тушуниб етганман: мен аёлим ўқишини давом эттириши учун ҳам ишлашим керак. Ўз оиламни моддий жиҳатдан таъминлашим зарурлиги учун ҳам университетни ташлаб кетганман ва Нагоя шаҳрига бориб ресторандан ўзимга иш топганман. Улар менга соатига 8 АҚШ доллари пул тўлашарди. Ўйлашингиз мумкин: нега олий маълумотли инсон оддий официант бўлиб ишга кирди? Сабаби мен инглиз тилини яхши билардим, лекин япон тилини унчалик билмасдим. Энг муҳими ишга кириш бўлган. Лекин ҳеч қачон университетни ташлаб кетганимга афсусланмаганман. Бу қарорим жуда тўғри бўлган.













