
Sedat Suna / EPA / Scanpix / LETA
Ўтган ҳафта ичида ҳам лира рекорд минимумларни қайд этди, лекин Туркия етакчиси паст фоиз ставкалари билан «мустақиллик учун иқтисодий муҳораба»ни давом эттирмоқда.
Нега Эрдўған унинг рақиблари таъкидлаётганидек, инфляция, ишсизлик ва қашшоқлик ошишига сабаб бўлувчи сиёсатидан воз кечмаяпти? Бу туркияликлар учун нимани билдиради? BBC бу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилди.
Ноортодоксал сиёсат
Турк лирасининг қулаш сабаби оддий: президентнинг иқтисодиётга ноортодоксал ёндашуви. Унга кўра, Туркиянинг рақобатбардош валюта шароитида иқтисодий ўсиши ва экспорт салоҳиятини паст фоиз ставкаларини сақлаб қолиш йўли билан қўллаб-қувватлаш назарда тутилади.
Кўплаб иқтисодчилар инфляция ўсиши фоиз ставкаларини ошириб бориш билан назорат қилинади, деб ҳисоблашади. Лекин Эрдўған учун фоиз ставкалари — бу «бойларни янада бой, камбағалларни эса қашшоқ қилувчи ёвузликдир».
«Ҳамма нарсанинг нархи шу қадар ошганки, кўпчилик оилаларда рисоладагидек тушлик тайёрлашга ҳам имконият йўқ», — деган маҳаллий озиқ-овқат дўконларидан бирининг харидори Севим Илдирим BBC’га.
Туркияда йиллик инфляция 21 фоиздан ошди, лекин Эрдўған назорати остидаги Марказий банк фоиз ставкасини 16 фоиздан 15 фоизга туширди. Бу эса шу йилдаги учинчи пасайтириш.

Ҳозир бутун жаҳонда инфляция ошиб бормоқда, бутун дунё бўйлаб марказий банклар фоиз ставкаларини ошириш ҳақида гапиришмоқда. Фақат Туркия эмас. Эрдўған алалоқибат инфляция ўз-ўзидан пасайишига ишонади.
Сўнгги икки йил ичида у Туркия марказий банкининг уч раҳбарини ишдан олди, ўтган ҳафтада молия вазири ҳам бўшатилди. Лира эса қулашда давом этмоқда.
Нархларнинг мисли кўрилмаган ошиши
Туркия иқтисодиёти кўпроқ импортга боғлиқ, бу ерга озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, текстил маҳсулотлари ва бошқа буюмларгача олиб кирилади. Шу сабабли мамлакатдаги истеъмол товарлари нархи долларнинг лирага нисбатан курсига тўғридан тўғри боғлиқ.



















