14:06 / 11.12.2021
15371

Жиззах вилояти ҳокими Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлашга қарийб 2 млрд сўм ажратди

Эргаш Солиевнинг фармойиши билан вилоятда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш учун 1,89 млрд сўм ажратилди. Ўтган ҳафта Жиззах вилояти мактабларга энг кам пул ажратадиган вилоятлар рўйхатига кирганди. Бу ерда ўртача бир нафар мактаб ўқувчиси учун йўналтирилган маблағ миқдори Андижондагидан 10 баравар, Қорақалпоғистондагидан 9 бараварга кам.

Фото: Kun.uz

Жиззах вилоятида 2021 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтадиган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрамини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши имзоланди.

“Вилоят молия бошқармаси (А.Раҳматуллаев) вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрамини юқори савияда нишонлаш учун 1 894 814 000 (бир миллиард саккиз юз тўқсон тўрт миллион саккиз юз ўн тўрт минг) сўм маблағни вилоят ҳокимлигига ажратсин”, дейилган Эргаш Солиев имзолаган фармойишда.

Ҳокимлик расмий изоҳида тушунтиришича, бу маблағ ажратилиши 27 ноябрь куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишдаги топшириқ ижроси билан боғлиқ.

Йиғилишда “Ҳосил байрами”га тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш бўйича кўрсатма берилган. Ҳокимлик шунга асосан қарийб 1,9 млрд сўмни 11 декабрь куни Дўстлик туманида 20 минг аҳолига халқ сайли тарзида “Ҳосил байрами” ташкил этиш, 12 декабрь куни мингга яқин аграр соҳа фаолларини рағбатлантириш ва байрам тадбири ташкил этиш учун ажратган.

Маълумот учун, ўтган ҳафта Жиззах вилояти мактаб ўқувчиларга энг кам пул ажратилган вилоятлар учлигидан жой олганди. Жиззах вилоятида ҳар бир ўқувчи сонига ажратилган ўртача маблағ миқдори (9940 сўм) Андижон вилоятидаги кўрсаткичдан (95260) 9,5 баробарга, Қорақалпоғистондаги кўрсаткичдан 8,6 бараварга кам.

Аввалроқ Kun.uz Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгикент маҳалласида аҳоли ичимлик сувни бир неча йилдан бери сотиб олаётгани, ҳудудга тоза ичимлик сув тортиб келиш масаласи вилоят миқёсида кўтарилган бўлса-да, натижа бўлмаётгани ҳақида хабар берганди.

Бундан олдин вилоят ҳокимининг қизи Наргиза Солиеванинг “My Flower” корхонаси Жиззах шаҳри марказий кўчаларига гул ва манзарали ўсимликлар экиш бўйича жами қиймати 4 млрд сўмга яқин 3та давлат буюртмасини қўлга киритгани эътирозларга сабаб бўлганди.

Шу йил апрел ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz саволига жавобан бу масалага муносабат билдиришдан қочган, иш прокуратурага оширилганини маълум қилиш билан чекланган эди холос.

Август ойида Эргаш Солиев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Top