Иқтисодиёт | 13:27 / 15.12.2021
35274
4 дақиқада ўқилади

2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун маъқулланди

Фото: Сенат матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан кўриб чиқилди.

Қонун билан 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари прогнозлари ҳамда 2023 – 2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.

Қонунда 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари 6 фоизни, шу жумладан, саноатда 7 фоизни, қурилиш соҳасида 8,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 3,3 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 2022 йил учун ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланмоқда. Бунда бюджет тақчиллигининг чекланган миқдоридан ошишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатлар фақатгина қўшимча даромад манбайи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилган.

Қонунда инфляция даражаси пасайиши тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Қонун билан биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчи қуйи ташкилотларга ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларининг 10 фоизгача қисмини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтиришга ҳақли экани белгиланмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 трлн сўм ёки ЯИМнинг 30,3 фоизи даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 трлн сўм, харажатлари эса 215 триллион сўм миқдорида бўлиши белгиланмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 трлн сўм, харажатлари эса 58,7 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.

Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 46,9 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 трлн сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 трлн сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.

Қонун билан кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириш тартиби жорий қилинмоқда.

Туманларда (шаҳарларда) тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи, бюджет қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланмоқда.

Қонунда очиқ бюджет, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га 1 трлн 553 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Аввалроқ, 2022 йил учун бюджет лойиҳаси эълон қилингани, унда энг кўп пул Молия вазирлигига, энг ками эса Стратегик ривожланиш агентлигига ажратилиши назарда тутилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид