Теҳрон билан ядровий келишув бўйича музокараларнинг навбатдаги раундида иштирок этувчи Ғарб мамлакатлари Венадаги учрашув вақтни беҳуда ўтказиш эканини маълум қилди. Чунки Эрон томони келишув йўлини атайлаб тўсадиган шартларни илгари сурди.

Австрия пойтахти бир томондан АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия, бошқа томондан Эрон иштирокида 4+1 форматидаги музокаралар еттинчи раундига мезбонлик қилмоқда.
Айрим хабарларга кўра, Эрон аввалги олти раунд давомида эришилган муросаларнинг баридан воз кечган. Иқтисодий санкцияларни бекор қилиш эвазига Эронни ўз ядро дастурини ишлаб чиқиш имкониятидан маҳрум қилувчи ядровий келишув 2015 йилда Барак Обама администрацияси даврида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида имзоланган. Оқ уйнинг навбатдаги раҳбари Дональд Трамп АҚШни мазкур келишувдан чиқариб ташлади, янги президент Жо Байден эса музокараларга қайтиш ташаббуси билан чиқди.
Бироқ ҳозирда Венада бўлиб турган инглиз, француз ва немис делегациялари келишувни янгилаш вақти деярли ўтиб кетган деб ҳисоблашмоқда. Унинг янги шартларини муҳокама қилишдан ташқари, келишув музлатилган вақтда Эрон ўз ядро дастурини ривожлантириш бўйича қандай сакраш қилгани ҳисобга олинса, эски шартларни ҳам кўриб чиқиш керак бўлади. Бу эса бошқача форматни талаб этади.
Теҳрон вакиллари, ўз навбатида, ғарблик ҳамкорлар Эронга нисбатан айблов оҳангини танлаб, ўзларини ноконструктив тутаётганини маълум қилмоқда.
«Айрим иштирокчилар ҳақиқий дипломатия билан шуғулланиш ўрнига бизни бармоқ билан кўрсатиш одатидан ҳеч қачон воз кечмайдилар», дея ёзди Эрон делегацияси раҳбари Али Багери Кани ўз Twitter’ида.
Унинг таъкидлашича, Теҳрон Европага ўз шартларини аллақачон баён қилган ва келишмовчиликларни бартараф этиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. «Дипломатия бу – икки томонлама ҳаракатланиладиган кўча. Агар қайсидир хатони тўғрилаш учун чинакам интилиш бўлса, манфаатли битимга йўл тезда топилади», деди у.
Ставкалар баланд

















