Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида полиция газ нархи ошишига қарши ўтказилаётган намойишчиларга нисбатан куч қўллашни бошлади, деб хабар берди “Лента”.
Хабарда айтилишича, полициячилар бир-бирларининг қўлларини чалиштириб, намойишчиларни куч билан сиқиб чиқармоқда.
Шунингдек, хабарларга кўра, намойишчилар Ақтау аэропорти йўлини тўсиб қўйишган.
2 январ куни Қозоғистоннинг Манғистау области Жанаўзан шаҳри аҳолиси газ нархи кўтарилганидан норозилик билдирган ва ҳукуматдан нархни икки бараварга камайтиришни талаб қилиб, намойишга чиққан. Намойишлар 3 январ куни ҳам давом этган.
3 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига “Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш” бўйича топшириқ берганини маълум қилган.
Ўз навбатида, вазирлар маҳкамаси Манғистау областидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини ва газ нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирган.
Аввалроқ Манғистау области маъмурий маркази Ақтау шаҳри аэропортига иккита ҳарбий-транспорт самолётлари етиб келгани хабар қилинганди.
Манғистау областидаги норозиликлар фонида республиканинг йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани айтилмоқда.

















