Жамият | 14:35 / 05.01.2022
2197
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ер остига кўмилган кабелларни экскаватор ёрдамида ковлаб, ўғирлаб кетилди

Фото: Тергов департаменти

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ер остига кўмилган кабелларни экскаватор ёрдамида ковлаб олиб, ўғирлаган шахслар ушланган.

Маълум қилишича, 2021 йил 17 декабрь куни “Ўзнефтгазалоқа” МЧЖ Ишлаб-чиқариш технологик алоқа бошқармаси директори Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У аризасида 2021 йил 14 декабрь куни Зирабулоқ-Ғаллаорол магистралида 34 миллион 965 минг сўмлик 2 400 метр кабел номаълум шахслар томонидан экскаватор ёрдамида қазиб олиниб, ўғирлаб кетилганини маълум қилган ва ўғриларга қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширувда аниқланишича, ушбу жиноятни Зарбдор туманида яшовчи, 26 ёшли И.И. ва Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 35 ёшли А.А. ўзаро жиноий тил бириктириб, 2021 йил 12-16 декабрь кунлари содир этган.

Улар ерга кўмилган кабелларни ковлаб олишда Hyundai мини экскаваторидан фойдаланган. И.И. ва А.А.дан 37 метр кабел ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид