Ханифа Саидова 2015 йилдан буён Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи врачи лавозимида ишлаб келган.
Коронавирус пандемияси даврида инфекцияга чалинган беморлар билан муомалада бўлгани туфайли ўзи ҳам касалликка чалинади. 2020 йил август ойи бошида аҳволи ёмонлашиб, касалхонага тушиб қолади. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, Ханифа Саидова 20 август куни касалликдан вафот этади.

Оворагарчиликларнинг бошланиши
Ўша вақтда амалда бўлган “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4652-сонли президент қарорида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт ходимига ёки унинг оила аъзоларига 250 млн сўмлик бир марталик тўлов тўланиши белгиланган.
Ханифа Саидованинг вафотидан сўнг, унинг оила аъзолари президент қарорида белгиланган тўловни ололмай, соғлиқни сақлаш тизими томонидан сарсонгарчиликларга дучор қилинади.
Марҳуманинг фарзанди Азизжон Насруллаев масалани суд орқали ҳал қилиш қарорига келади.
Суд қарори ҳам кор қилмаяпти
Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2021 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Азизжон Насруллаев фойдасига Молия вазирлиги орқали республика бюджетидан 250 млн сўм миқдорида бирйўла тўланадиган махсус тўловни ундириш белгиланган.

Азизжон Насруллаевнинг айтишича, шундан кейин ҳам унга пул ўтказиб берилгани йўқ.
“Тўловни олиш учун мурожаат қилмаган жойим қолмади. Портал, Бош прокуратура, ижрочининг ўзига ҳам мурожаат қилдим. Натижа бўлмаяпти” – дейди Азизжон Насруллаев.
Мажбурий ижро бюросидан маълум қилинишича, қарздор Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Молия вазирлиги орқали Республика бюджетидан ундирувчи Азизжон Насруллаев фойдасига жами 250 млн сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мажбурий ижро бўлимига 2021 йил 12 ноябр куни келиб тушган ва шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган, тарафларга хабарнома юборилган.















