
Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти 1-4-синф ўқувчиларини бепул нонушта ёки тушлик билан таъминлаш назарда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев тизимнинг 1 апрелдан бошлаб ишга туширилиши, бу мақсадларга давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилиши ҳақида айтди.
Мактаб ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими нима, у қайси мамлакатларда, қандай мақсадда жорий қилинган, ўзбекистонлик болалар қандай овқатларни ейиши керак - шу каби саволларга мақолада жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Буюк Британия – ўқувчиларни бепул овқатлантирган илк мамлакат
Мактабда овқатлантириш тизимини жорий қилган дунёдаги илк давлат Буюк Британия ҳисобланади. 1906 йилда ҳукуматнинг маҳаллий ҳокимиятга мактаб ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни тавсия этувчи илк қарори қабул қилинган.
1939 йилдан мактаб ўқувчиларини овқатлантириш мамлакат бюджети ҳисобига амалга оширила бошланган. Бунда асосан камбағал тоифадаги оила фарзандлари бепул нонушта билан таъминланган.
1945 йилга келиб 1,5 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари ҳар куни бепул нонушта билан таъминланган. Бу 1939 йилга қараганда 10 баробар кўп эди.

1979 йилда Маргарет Тэтчер бошчилигидаги консерваторларнинг ҳукуматга келиши билан мактабларда овқатлантириш тизимига муносабат ўзгарган. Давлатнинг бу тизимда иштирок этишига бюрократизм ва ортиқча харажатларга олиб келувчи омил сифатида қаралган. Оқибатда, кейинги 10 йилда минглаб британиялик ўқувчилар бепул нонушта ва тушликдан маҳрум бўлган.
Бу қандай оқибатларга олиб келди? Ўқувчилар арзон ва зарарли маҳсулотлар билан овқатлана бошлаган. Уларнинг истеъмолидаги шакар миқдори 30 фоизга ошган. Болаларнинг 1/3 қисми мунтазам равишда оқ нон, чипслар, ширинликлар, ширин газли ичимликларни кўплаб истеъмол қилиб, мева ва сабзавотлар ейишни камайтирган. Болалар орасида юрак-қон томир тизими, нафас йўллари касалликлари сони кўпайган, остеопороз ва онкология касалликларининг ривожланиш хавфи ошган.




















