Жамият | 09:50 / 06.02.2022
19573
2 дақиқада ўқилади

Ургутда бир жойда такроран ёш болаларни машина уриб кетяпти. Масъуллар ҳозирча сукутда

Ургут тумани Мерганча маҳалласи ҳудудидаги пиёдалар йўлагидан ўтиш хавфли бўлиб қолгани ҳақида хабар берилди. Маълум бўлишича, сўнгги вақтларда “зебра”дан ўтаётган ёш болаларни икки ҳолатда машина уриб юборган.

Kun.uz’га ушбу ҳолатлар акс этган видеотасвир жўнатилди. Таҳририятга тақдим қилинган видеоларнинг иккисида ҳам ёш болалар жабрланувчи. 2021 йилнинг 15 декабр куни содир бўлгани айтилаётган видеода оқ рангли “Дамас” пиёдалар йўлагига кирган болани (мактаб ўқувчиси бўлиши мумкин) уриб юборган.

Фото: Kun.uz

Иккинчи ҳолат 2022 йилнинг 1 феврал куни содир бўлгани айтилмоқда. Ушбу вазиятда ҳам автомобиллар тиғизлиги сабаб йўлдан ўтишга уринаётган болани кўриш мумкин. Бир неча уринишда мустақил ўзи эплолмаган болакай ёши катта одамга эргашиб, йўлнинг нариги томонига ўтиб олмоқчи бўлган. Аммо йўлнинг ўртасига етган болани қизил “Жигули” катта тезликда келиб урган.

Фото: Kun.uz

Мерганчаликларнинг айтишича, ҳафтанинг аксарият кунларида Ургут янги бозори фаолият олиб боради ва айниқса, ўша кунлари бу йўл жуда хавфли бўлиб қолади. Нафақат техника, балки пиёдаларнинг ҳам ҳаракатланиши оғирлашади.

Маҳалла аҳли ушбу ҳолатларда асосан ёш болалар жабрланавергач, туман масъулларига, ИИБга хабар берганини айтмоқда. Аммо ҳозирча ушбу ҳудудга светофор ёки радар ўрнатиш таклифи инобатга олинмаяпти.

Мавзуга оид