Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилингани ҳолати бўйича муносабат билдирди.
“Бугун ижтимоий тармоқ, жамоатчилик вакиллари орасида кўплаб муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, устоз-мураббийларимизнинг шаъни ва кадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат эканини кўриш мумкин.
Бу билан устозларимизга бўлган эътибор Давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда “айрим” раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди”, дейилади унда.
Абдураҳмоновнинг билдиришича, у мазкур ҳолатни ўз назоратига олган ва вилоят ҳокими бошчилигида алоҳида ишчи гуруҳ тузилди.
“Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чоралари кўрилишини таъминлайман.
Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз”, дейилади Андижон вилоят ҳокимининг муносабатида.
Шунингдек, Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев ҳам ушбу ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди ҳамда ўқитувчи ва мураббийлардан узр сўради.
“Мана шу йиғилишдаги ҳолат ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса, мен Марҳамат тумани ҳокими сифатида барча устоз-мураббийлардан узр сўрайман”, деди у.
Марҳаматда нима бўлганди?
Kun.uz сайтига келган мурожаатга кўра, 4 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.
Манба сўзларига кўра, директор бошчилигида саҳнага чиқариб қўйилган ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан бош эгиб, «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.
Жамоатчилик муносабати















