Янги туғилган боласини кўчага ташлаб кетган онага жиноят иши очилди
Қорақалпоғистон ИИВ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғофуржон Салиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 8 феврал куни тунги соат 03:00да Нукус шаҳар тергов бошқармасига чақалоқ кўчага ташлаб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Мурожаатга асосан тезкор гуруҳ воқеа юз берган Бўстон кўчаси 72-уйга етиб борган. Чиндан ҳам янги туғилган чақалоқ Бўстон кўчасидаги уйларнинг бири қаршисига ташлаб кетилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан чақалоқнинг онасига Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-бўлими билан жиноят иши очилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ғофуржон Салиев чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлардан болакайнинг ҳолати ҳақида сурат ва видеоларни ижтимоий тармоққа тарқатмасликни сўради. Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолат ҳамшира ва шифокорларнинг тегишли тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин.
Чақалоқнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда

Республика ҳудудий перинатал маркази директори ўринбосари Гулзар Қалимбетованинг айтишича, чақалоқ олиб келиниши билан унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Болакай кўчада совуқда қолиб кетгани учун гипотермиянинг оғир даражаси қайт этилган.
"Ҳозирда чақалоқнинг ҳолати нисбатан яхшиланган. Бироқ тиббий жиҳатдан оғир, динамик турғунлашган деб баҳоланмоқда. Болага ўз онасининг сути берилмоқда. Унинг тана ҳарорати 36,5 даражадан 37,5 даража атрофида мўътадиллашган. Чақалоққа барча тиббий муолажалар кўрсатилмоқда", дейди Гулзар Қалимбетова.
Чақалоқнинг онаси топилди. Фуқаролар шифокорлар ишига халақит қилишмоқда


















