14 феврал куни пойтахтнинг Алишер Навоий шоҳкўчасида таъмирлаш ишлари бошланди. Таъмирлаш ҳақида аввалроқ маълумот берилмагани сабаб, одамлар аввалига нима бўлаётганини тушуна олмади. Кейинроқ маълум бўлишича, шаҳар ҳокимлиги Навоий кўчасини бошидан охиригача буткул реконструкция қилишни бошлаб юборган.
Жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган реконструкция лойиҳаси эътирозларга сабаб бўлди. Чунки лойиҳада илмий хулосалар ва президент топшириқларига зид равишда устуворлик пиёдаларга эмас, яна автомобилларга берилган.
Аввалроқ пойтахтга трамвайлар қайтиши эълон қилингани инобатга олинса, у қайси кўчалардан ўтишини аниқ белгиламай туриб реконструкция бошлаш яна беҳуда пул сарфлашга сабаб бўлиши мумкин.

Йўлни ким қурмоқда?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан Навоий кўчасини реконструкция қилиш қайси компанияга топширилгани ҳамда лойиҳага қанча маблағ йўналтирилгани ҳақида айни дамда матбуот хизматида маълумот йўқлигини маълум қилди.
Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, йўлларни қайта реконструкция қилиш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК буюртмасига мувофиқ Grand Road Tashkent МЧЖга топширилган.
Юридик шахслар реестрига кўра, мазкур компания йўллар ва шосселар қуриш билан шуғулланади. Grand Road Tashkent'нинг 62,1 фоиз улуши Grandway in компаниясига тегишли (Grandway İnşaat Yatırım Anonim Şirketi – турк компанияси). Корхонанинг 37,9 фоиз улушига эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги муниципиал маркази активларни бошқариш маркази эгалик қилади.
«Тошкентдаги кўплаб йўллар таъмирини асосан шу компания амалга оширган. Буюртмачи эса шаҳар ҳокимлигининг ягона инжиниринг компанияси», – дейди манба.
2018 йилда ташкил этилган компания cўнгги бир йил ичида Тошкентдаги кўплаб йўллар қурилиши ва реконструкция ишларини амалга оширган. Хусусан, Сергели туманида Қумариқ кўчаси реконструкцияси

















