Ўзбекистон | 14:12 / 18.02.2022
16907
2 дақиқада ўқилади

Наманганда 1-синф ўқувчиларини изза қилган ўқитувчи ишдан олинди

У 6 нафар ўқувчини уйга вазифани қилиб келмагани сабаб турғизиб қўйиб қолган ўқувчиларга “уят” деб гапиртириб, ўз телефонига тасвирга олган.

Фото: Видеодан кадр

Вилоят халқ таълими бошқармасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат Учқўрғон туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 1-“в” синфида юз берган.

Ушбу синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида синфдаги 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли бундай ҳолат қайтарилмаслиги ва бошқа ўқувчиларга сабоқ бўлиши учун доска олдига чиқариб, қолган ўқувчиларга “уят” деб гапиртириб, изза қилдирган. Бу жараёнларни ўзи уяли телефонига тасвирга олиб, икки нафар ўқувчи ота-онасининг телеграмига юборган.

Қайд этилишича, Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига кўра, ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани учун таълим муассасаси директори Ойбек Мўйдинов, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Яшин Абдуғофуровларга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Маҳбуба Имомова жиддий огоҳлантирилган.

“Вилоят Халқ таълими бошқармаси таълим-тарбия борасида бундай ҳолатларни қўллаш умумэътироф этилган мезонларга мутлақо зид деб баҳолайди ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги чора-тадбирларини кўриб боради”, – дейилади муносабатда.

Аввалроқ, Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

Унинг ортидан туман ҳокими ўринбосари, туман ХТБ мудираси ва мактаб директори ишдан олинган, туман ҳокимига эса ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган эди.

Мавзуга оид