Бекмурод Абдуллаев, Ички ишлар вазири ўринбосари. Фото: Kun.uz

“Ички ишлар идоралари ходимларига қаршилик кўрсатиш ёки уларни видеотасвирга олиб интернет тармоқларида тарқатиш масаласида куни кеча президентимиз ички ишлар ходимларининг ижтимоий ҳимоясини такомиллаштириш бўйича 118-сонли қарорни имзоладилар. Ушбу қарорда айнан хизмат вазифасини бажариш жараёнидаги ходимларни видеотасвирга олгандан сўнг унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга чиқаришга нисбатан ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланади”, деб айтган Бекмурод Абдуллаев UzNews.uz нашрига берган интервьюсида.

Вазир ўринбосари тилга олган 118-сонли президент қарорини Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (Lex.uz сайти) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилиб бориладиган бошқа платформаларда ҳужжатлардан топишнинг имкони бўлмади.

Kun.uz вазир ўринбосарининг муҳокамаларга сабаб бўлаётган сўзлари юзасидан вазирлик ахборот хизмати раҳбаридан изоҳ олди.

Шоҳрух Ғиёсов, Ички ишлар вазирининг матбуот котиби. Фото: Kun.uz

“Ходимларни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатганлик учун ҳали маъмурий жавобгарлик белгилангани йўқ. Давлат раҳбари томонидан имзоланган 118-сонли қарорда шу ҳақда вазифа юклатилган.

Президент селекторида ҳам ушбу масала кўтарилганди. Давлат раҳбари қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича вазиримизга топшириқ берганлар. Ушбу таклиф ишлаб чиқилгач, лойиҳа шаклида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, ҳамма бу борада ўзининг фикрини билдириши мумкин бўлади. Шунда ҳам тўлиқ тақиқ бўлмайди, лекин қандайдир чегаралар қўйилади”, дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

11 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари фаолиятига қаршилик кўрсатиш муаммосига эътибор қаратиб, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш кераклигини айтганди.