Ўзбекистон | 12:17 / 20.02.2022
34192
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда мактаб рўпарасидаги деворда Эйнштейн тасвирланган граффити ўчириб ташланди

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида кўп қаватли уйнинг деворига чизилган деворий суратни мақтаганди. Орадан бир кун ўтиб Чилонзор тумани ҳокими топшириғи билан Эйнштейн тасвирланган граффити бўяб ташланди.

Давлат раҳбари 17 февраль куни пойтахтнинг Янгиҳаёт туманидаги Дўстлик маҳалласига ташрифи чоғида кўп қаватли уйнинг деворига чизилган деворий сурат – мурални кўриб, масъулларга нега ҳамма жойда шундай тасвирлар йўқлиги ҳақида савол берганди.

“Дўстлик рамзи” деб номланган мурал. Фото: Президент матбуот хизмати

Президент масъуллардан бу каби мураллар қачондан бошланганини сўраган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бунга жавобан бу турдаги деворий суратлар 2021 йилнинг баҳоридан чизила бошланганини таъкидлаган.

Президентнинг эътибори тушган мурал “Дўстлик рамзи” деб номланади. Унинг муаллифи – Ҳасан Майчеев.

Граффити, постерлар, мураллар, теглар, асфальтдаги расмлар — буларнинг барчаси стрит-арт, шаҳар кўчаларидаги санъат ҳисобланади. Тасвирлар асосан бирор муаммоли мавзуни кенг омма олдида тарғиб қилиш учун яширин тарзда чизилади.

Ғарбда стрит-арт, яъни кўча санъати оммалашган. Унинг йўналишлари ҳам, машҳур «кўча рассомлари» ҳам талайгина. Ўзбекистонда эса ушбу йўналиш энди-энди ривожланмоқда. UzAuto Motors монополияси, бензин нархининг кўтарилишига бағишланган деворий суратлари билан жамоатчиликка танилган, асосан тунда ижод қиладиган Inkuzart тахаллусли кўча рассоми шулардан биридир.

Эйнштейнга бағишланган граффити. Фото: Telegram / Микрофон кўтарган аёл

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Эйнштейн портрети ва унинг формулалари акс этган девор бўяб ташланди. Бу туман ҳокимининг топшириғига асосан амалга оширилган. Чилонзор тумани ҳокимияти матбуот хизмати Gazeta.uz мухбирига Эйнштейн портрети ва унинг формулалари акс эттирилган девор ноқонуний қурилма бўлгани боис бўяб кетилганини маълум қилган. Туман ҳокимининг архитектура, қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Аброр Аҳмедовнинг сўзларига кўра, сурат муаллифига «бошқа бир қулай жой» таклиф этилади.

Бўяб ташланган деворий сурат. Фото: Telegram / inkuzart

Асар муаллифи, таниқли кўча рассоми Inkuzart Телеграмдаги каналида санъатга кўрсатган “ҳурмати” учун Чилонзор тумани ҳокимига “миннатдорчилик” билдирди. Каналда эълон қилинган видеода Эйнштейн граффитининг чизилиш тарихи, кейин эса девор бўяб ташланаётгани кўрсатилган.

Бу “Ўзбек Бэнкси” деб аталадиган рассомнинг асарлари биринчи марта ўчириб ташланиши эмас. 2021 йил сентябрида автосаноат монополияси ва узун навбатларга бағишланган стрит-арт ўчириб юборилган, ноябрда эса бензин нархи ошиши танқид қилинган кўча сурати йўқ қилинганди.

Мавзуга оид