Нима бўлди ўзи?

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 13-мактаб ўқитувчиси Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли уларни жазолашнинг ўзига хос усулини қўллади.

Ўқитувчи 6 нафар болани доска олдига турғизиб қўйиб, қолган ўқувчиларга жўр бўлиб “уят” деб айттирган. Жараённи эса ўзи телефонида видеога олиб, икки нафар ўқувчининг ота-онасига Telegram орқали юборган.

Шундан кейин видео ижтимоий тармоқларда тарқалган ва ҳолат Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузиб ўрганилган. Натижада синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ижтимоий тармоқдаги баҳслар

Ўқитувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида эътирозлар пайдо қилди ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзиларга кўра, дарс қилмай келган болага бу кўринишда танбеҳ бериш – ўқитувчи қўлласа бўладиган усул. Сабаби ўқитувчи болаларни урмаган, сўкмаган, фақат ўз синфдошлари орасида изза қилган.

Иккинчи қутбда эса, ҳали кичик ёшдаги болаларга бундай жазо чораси қўллаш мумкин эмаслиги, бу уларга ёмон таъсир қилиши ҳақида фикрлар билдирилган.

“Ўқитувчи яхши дарс ўтади” — ота-оналар эътирофи

“Yangi davr” информацион дастури мухбири Учқўрғондаги мактабга бориб, ишдан бўшатилган ўқитувчи ва уларнинг ота-оналаридан интервю олган.

“Синфдаги ўқувчиларнинг ота-оналари билан алоҳида гуруҳ очгандик. Унда болаларнинг камчилиги, дарс қилмаган, уй вазифаларини бажармаган ҳолатларни муҳокама қилиб турардик. Мана шу [ижтимоий тармоқларда тарқалган] видеони ҳақиқатан ўзим олганман ва ота-оналарнинг “личка”сига юборганман. Бу орқали болалар кейинги сафар ўзларига хулоса чиқариб олсин деб мақсад қилгандим, лекин ёмон ниятда қилинмаган. Қилган ишимдан пушаймонман”,