Kun.uz биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсисчилигидаги Ўзбекистонда мавжуд компаниялар атрофида содир бўлаётган ҳодисалар, тергов ва суд жараёнларидаги қарама-қаршиликлар ҳақида ёзган эди.

Шунингдек, бу компанияларга алоқадор ишларда айбланган тадбиркор Дмитрий Савельевнинг озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилингани Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, маҳкумга нисбатан тергов ва суд ишлари нохолис олиб борилгани бўйича Олий судга протест киритилгани айтилганди.

Шарипов ва унинг Россия фуқароси бўлган шерикларига оид терговнинг давоми бизни яна ушбу мавзуга қайтишга ундади.

Воқеалар тарихига қисқа назар

Жиззахлик Одинахон Ғофуржонова ўзи муассислик қилган МЧЖдаги улушлар Россия фуқароси бўлган қариндошлари томонидан ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан тортиб олингани, кейинчалик бу компаниядаги улушлар ўзга шахслар номига ўтказиб юборилгани, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси олиб бораётган тергов ҳаракатлари эса асоссиз равишда ҳаракатдан тугатилганини айтганди.

Kun.uz мақоласидан кейин тергов иши ИИВ Тергов департаментига ўтказилиб, алоҳида назоратга олинганди.

Мазкур иш доирасида Одинахон Ғофуржонованинг шикоятлари асосли бўлиб чиққани, унинг ширкатидаги улушлар Россия фуқаролари томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олингани терговда ўз тасдиғини топгани ҳақида мақола сўнгида тўхталамиз.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Одинахон Ғофуржонованинг ҳамкори бўлган Дмитрий Савельев 10 млрд 702 млн сўм миқдордаги мулкни ўзлаштириб юборганликда айбланади ва унга нисбатан Жиноят кодексининг турли моддалари билан айблов хулосаси тузилади.

Савельевнинг иши ЖИБ Яккасарой туман судида кўриб чиқилади ва 2021 йил 5 февралдаги ҳукмга кўра, 6 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. Апелляция шикояти фойда бермайди.

Ҳукмдан норози Савельев ва унинг адвокатлари томонидан қайта ва қайта шикоят ёзилавергач, иш Бош прокуратура назоратига олинади ва тегишли бошқарма ходимлари томонидан назорат тартибида ўрганилади. Якунда Савельев ишида тергов органи ва суд томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланади.

Жумладан, назорат тартибида ўрганиш натижасида Савельевга нисбатан қўйилган айбловлар тегишли ҳужжатлар билан тўла асослантирилмаган, компания молиявий фаолияти устидан ўтказилган солиқ текширувларида жиддий хатоликларга йўл қўйилган, деган хулосага келинади.