Ҳозирда Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Украинада юз бераётган воқеалар туфайли Ташқи ишлар вазирлигига оммавий ахборот воситалари томонидан берилган саволлар ва уларга Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжоновнинг жавоблари эълон қилинмоқда.

Айни пайтда Украина ҳудудида қанча Ўзбекистон фуқаролари бўлиб турганлиги бўйича маълумотлар мавжудми?

 Ўзбекистон Республикасининг Киев шаҳридаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Шу билан бирга, фуқароларимиз рўйхати янада аниқлаштирилмоқда.

Украинада рўй бераётган воқеаларда мамлакатимиз фуқаролари орасида жабр кўрганлар борми?

— Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Украинада ҳаво майдони ёпиб қўйилган. Бу мамлакатдаги Ўзбекистон фуқаролари асосан қайси йўл орқали олиб келинади?

— Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда, биринчи навбатда, қўшни давлатлар орқали жўнаб кетиш йўналишлари ва кейинги бориш манзиллари ўрганилмоқда.

Уруш ҳолати чуқурлашадиган бўлса, Украинадаги фуқароларимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш режалаштирилганми?

— Шак-шубҳасиз, Украинада бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг маиший масалаларини ҳал этиш учун зарур чоралар кўрилади.

Даволанишга борган фуқароларимиз, яъни операция қилинган одамлар қандай йўл тутиши керак?

— Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотига кўра, жарроҳлик муолажасидан ўтаётган ҳамюртларимиздан мурожаатлар келиб тушмаган, Трускавец шаҳрида санаторийларда даволанаётганлар бундан мустасно.

Украина тиббиёт муассасалари тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўз ишларини давом эттирмоқда.

Украина ва Россиянинг айрим ҳудудларига чегараланган авиақатновлар қачонгача давом этиши ҳақида маълумот берсангиз?