Ўзбекистон | 18:40 / 02.03.2022
17706
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этмайди — Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаяпти.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўзбекистонлик ҳарбийларининг хорижий давлатлар армиясига жалб қилингани ҳақида хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 125-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.

Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

Юқоридаги маълумотларга асосланиб қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси, шу жумладан Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди. Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақида тарқалган маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас», - дейилади Мудофаа вазирлигининг расмий баёнотида.

  • 28 февраль куни Daryo.uz нашрига интервью берган Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов элчихонага жанговар ҳаракатларда иштирок этган ёки жароҳатланган ўзбеклар ҳақида маълумот келиб тушмаганини таъкидлаган.
  • Шунингдек, 25 февраль куни ижтимоий тармоқларда ўзбек тилида сўзловчи ҳайдовчи бортида россиялик ҳарбийлар мавжуд бўлган юк автомобилини Донбасс ҳудудига ҳайдаб кетаётгани тасвирланган видео тарқалган эди.
  • Настоящее Время нашри эса хорижий нашрларга таяниб, Россия ўзбекистонлик мигрантларни жанговар ҳаракатларга жалб қилаётгани ҳақида хабар берган.
  • Аввалроқ, Адлия вазирлиги ҳам Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар ҳарбийлашган ва куч ишлатар тузилмаларига хизматга ёлланиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши эслатган эди.

Мавзуга оид