Ўзбекистон | 10:29 / 07.03.2022
6439
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда таниш аёлникига борган фуқарони видеога олиб, уни интернетда тарқатиш билан қўрқитиб пул олган блогерга ҳукм ўқилди

Суд ҳукмига кўра блогерга 3 йил-у 1 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Аммо у ҳукмдан норози бўлиб юқори суд инстанциясига мурожаат қилган.

Фото: Kun.uz

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2021 йил 25 май куни соат 21:00 ларда фуқаро С.С. Нишон тумани Нуристон маҳалласида яшовчи таниш аёлнинг уйига борган. Шу куни кеч соат 03:30 да икки нафар шахс аёлнинг хонадонига бостириб кирган. Уларнинг бири ўзини «Маъруф блогер» деб таништириб, С.С.ни уриб, телефони билан тасвирга туширган.

Шундан сўнг «Маъруф блогер» С.С.га видеотасвирни ижтимоий тармоқларга чиқариб юбориб шарманда қилишини айтиб, ундан 2 миллион сўм пул талаб қилган. С.С. ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилган.

Мурожаат юзасидан 2021 йил 29 май куни ўтказилган тадбирда фуқаро Р.М. С.С.дан талаб қилинган 2 миллион сўмдан 1 миллионини олган вақтда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.М.га нисбатан Нишон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

2021 йил 17 ноябрь куни, Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан Р.М. Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (товламачилик) ва 139-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган (туҳмат) жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Дастлабки суд жараёни ва тайинланган жазога эътироз билдирган судланувчи Р.М. белгиланган муддатда юқори инстанцияга шикоят қилган. Судланувчининг мазкур шикоят аризасини 2022 йил 7 январь кунидан бошлаб Қашқадарё вилоят суди жиноят судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқиш бошланган.

Яқинда суд мазкур иш бўйича ҳукм эълон қилган. Унга кўра судланувчи Р.М.га нисбатан биринчи суд мажлисида чиқарилган ҳукм ўз кучида қолдирилган.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид