Ўзбекистон | 10:11 / 10.03.2022
25556
2 дақиқада ўқилади

Ҳоким ёрдамчиси пора олаётганида ушланди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси Б.Х.ни фирибгарлик йўли билан 5,5 млн сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, Жарқўрғон тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи фуқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган. Аризада у Жарқўрғон тумани ҳоким ёрдамчиси Б.Х. унга Янгиобод маҳалласи ҳудудидан стадион ва спорт мажмуаси қуриш учун “Е-auksion” орқали туман ҳокимлиги захирасида бўлган 60 сотих ер майдонини танишлари орқали олиб беришда ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, бунинг эвазига 5,5 миллион сўм пул талаб қилганини билдирган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХ Жарқўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Жарқўрғон тумани ҳокими ёрдамчиси Б.Х. ариза муаллифидан 5,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, Б.Х.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятлар таркиби мавжудлиги назарда тутилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Бу – Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ очиқланган биринчи жиноят бўлди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги барча 9 мингдан ортиқ маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозими 2022 йилдан жорий этилганди.

Мавзуга оид