Пойтахтдаги 54 та тиббиёт муассасасида 2018 йилдан буён Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мулозимларига тегишли хусусий лаборатория пулли хизмат кўрсатиб келмоқда. Kun.uz аввалроқ бу ерда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани ҳақида ёзган, бироқ CCВ таҳририят суриштирувида аниқланган ҳолатларга реакция билдирмаганди. Маълум бўлишича, янги вазир даврида бу муаммога барҳам беришга киришилган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзи нима гап?

“Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ (“SS-LAB” МЧЖ) 2018 йилда ташкил этилган. Ушбу корхонага тегишли тиббий-диагностика лабораториялари 4 йилдан буён пойтахтдаги 54та тиббиёт муассасасида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиб келмоқда.

Очиқ манбаларга кўра, Ботирбек Исабеков (33,40 фоиз), Aнвар Раҳимов (33,30 фоиз) ва Улуғбек Эгамбердиев (33,30 фоиз) “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ таъсисчилари ҳисобланади. Фирма ташкил этилган вақтда бу учовлоннинг барчаси Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мулозимлари бўлган.

“Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ (“SS-LAB” МЧЖ) таъсисчилари

Жумладан, 2019 йил июнидан 2020 йил август ойигача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига раҳбарлик қилган Ботирбек Исабеков ҳозирда шаҳар ССББ бошлиғининг рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосари бўлиб ишламоқда.

Илгари шу бошқармада фаолият юритган Анвар Раҳимов бугунги кунда Тошкент шаҳар ССББ тасарруфидаги хўжалик ҳисобидаги “Тиббий кўрик бўлими” ДУК директори ҳисобланади.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган Улуғбек Эгамбердиев бир ой олдин мазкур лавозимидан озод қилинган.

Ушбу мансабдорларга тегишли “SS-LAB” Тошкент шаҳридаги 35 та оилавий поликлиника, 9та туман тиббиёт бирлашмаси, 6та туғруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига 500дан ортиқ турдаги таҳлил, лаборатория диагностикаси хизматларини кўрсатиб келган. Бу хизматлар текин бўлмаган албатта. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Kun.uz'га тақдим этилган маълумотларда лаборатория таҳлилларининг энг арзони 25 минг сўмни, энг қиммати 420 минг сўмни ташкил этгани акс этган. Пулли хизматларнинг ўртача қиймати 70–130 минг сўм атрофида.