Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик назоратини даромад манбайига айлантириб олган фуқаролар ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.
“Ҳозирги кунда жамоатчилик назорати жамиятимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг жамоатчиликка ҳисобот беришларини назорат қилувчи муҳим йўналишлардан бири бўлиб келмоқда. Бу борада, айниқса, блогерларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар орасида халқ муаммоларига бепарво бўлмаган, жонкуяр ва фидойи фуқароларимиз жуда кўп.
Бироқ ҳанузгача ахборот билан ишлаш, уни холис тарқатиш тартибини тушунмайдиган ёки жамоатчилик назоратини ноқонуний даромад манбайига айлантириб олган фуқаролар ҳам талайгина. Блогерлик даъвосидаги фирибгарлар нафақат муаммоларни бартараф этиш учун пул талаб қилишмоқда, балки шахсий ва гуруҳлардаги ўзаро ёзишмаларни тарқатиш билан ҳам таҳдид қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бу қинғир ишларга аёллар аралашаётгани жуда аянчлидир”, – деди ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.
Унинг таъкидлашича, блогерлик билан шуғулланиб келган 4 нафар шахс бугунги кунда фирибгарлик ва товламачилик устида қўлга олиниб, тергов қилинмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи 35 яшар фуқаро 21 февраль куни ўзига мурожаат қилган фуқарога Чироқчи тумани ҳокимлигида танишлари борлиги, блогер бўлгани учун унинг илтимосини ерда қолдирмасликларини айтиб, туманнинг маиший хизмат кўрсатиш соҳаси учун ажратилган ҳудуддан 3 сотих ер олиб беришни ваъда қилган.
ИИВ ахборотида у чиндан ҳам туман ҳокимлиги мутасаддиларига блогерлигини пеш қилиб таъсир ўтказмоқчи бўлгани, натижада ушбу фуқаронинг фирибгарлик ҳаракатлари тезкор тадбир орқали расмийлаштирилиб, далилий ашёлар билан қўлга олингани таъкидланади. Процессуал тартибда ушланган гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Дилдора исмли блогер аёл унинг шахсий маълумотларини интернет орқали тарқатиш билан таҳдид қилиб, 3 миллион сўм олгани, бироқ шундан кейин яна 1500 доллар талаб қилиб келаётгани юзасидан 9 март куни вилоят ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган ҳамда қонунбузарга чора кўришни сўраган.
Қайд этилишича, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Кармана туманида яшовчи 46 ёшли фуқаро товламачилик қилаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Ҳозир тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.









