Россия ва Украина ўртасида юзага келган ҳарбий зиддият сабаб ушбу мамлакатлардаги иқтисодий вазият ниҳоятда ёмонлашиб кетди.

Украина ҳукуматининг тегишли қарори билан гўшт, сули, жавдар, гречка, шакар, шарбат ва туз экспортига чеклов жорий қилинди. Шунингдек, буғдой, жўхори, парранда гўшти, товуқ тухуми ва кунгабоқар ёғи каби маҳсулотлар экспорти мамлакат иқтисодиёт вазирлигининг тегишли рухсатномаси билангина амалга оширилади.

Россия ҳукумати ҳам 14 мартдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар, оқ шакар ва шакарқамиш экспорт қилиш бўйича тақиқ киритди. Хусусан, 2022 йилнинг 30 июнига қадар буғдой, арпа, меслин, маккажўхори ва жавдар, 31 августга қадар эса шакар экспорт қилиш чекланмоқда. Шунингдек, экспорт қилинадиган кунгабоқар ёғи учун бож 2022 йилнинг 1 апрелидан 313 долларгача оширилади.

2021 йилда Ўзбекистон Россия билан 7,51 млрд долларлик (импорт ҳажми 5,45 млрд доллар), Украина билан эса 704 млн долларлик (импорт ҳажми 472,4 млн доллар) ташқи савдо айланмаси қайд этган. Ушбу мамлакатлардаги экспорт тақиқлари Ўзбекистон ички бозорига қандай таъсир қилиши мумкин?

Россия ва Украинадан Ўзбекистонга қандай озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади?

2021 йилда Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан 2,92 млрд долларлик озиқ-овқат товарлари импорт қилинган. Бу асосан Қозоғистон (34,1 фоиз), Россия (27,3 фоиз), Бразилия (11,2 фоиз), Беларусь (3,6 фоиз) ва Украина (2,2 фоиз) каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Украинадан асосан гўшт (ушбу мамлакатдан умумий озиқ-овқат импортининг 18,4 фоизи), шакардан тайёрланган қандолат маҳсулотлари (улуши 13,4 фоиз), ўсимлик ёғи (улуши 12,6 фоиз), какао ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (улуши 11,6 фоиз) импорт қилинган.