Bloomberg вазиятдан хабардор бўлган икки манбага асосланиб хабар ёзган. Уларнинг маълумотига кўра, Чубайс президент Владимир Путиннинг Украинада уруш бошлашига рози эмаслигини билдирган ҳолда истеъфога чиққан ва хорижга чиқиб кетган. Агентлик агар бу маълумот тасдиқланса, Чубайс Украинага босқин туфайли Кремль билан алоқани узган илк юқори мартабали расмий бўлишига эътибор қаратган. Reuters манбаси ҳам Чубайс урушга норозилик сифатида Кремль махсус вакили лавозимидан кетиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида айтган.

«Ҳа, бу тўғри. Анатолий Борисович бу лавозимни тарк этди», - деган ТАСС мухбирига Чубайсга яқин бўлган манба. Чубайсга алоқадор бўлган яна бир манба у Россиядан чиқиб кетганини айтган: «У махсус вакил лавозимидан ҳам, мамлакатдан ҳам кетди». «Ҳеч нарса айта олмайман, бундан хабарим йўқ», - деган РБК билан суҳбатда унинг акаси Игорь Чубайс Анатолий Чубайснинг истеъфоси ва мамлакатдан кетгани ҳақидаги саволга жавобан.

Кейинроқ Кремль вакили Дмитрий Песков «Интерфакс» саволига шундай жавоб қайтарди: «Ҳа, Чубайс ўз ихтиёри билан ишдан бўшади. Кетадими - кетмайдими - бу унинг шахсий иши».

Чубайснинг танишларидан икки нафари РБК мухбирига, у ўз рафиқаси Авдотья Смирнова билан Истанбулга борганини айтган (Смирнованинг таниши ҳам у Туркияда эканини тасдиқлаган). Улардан бири, Чубайс Россияга қайтишини ҳам қўшимча қилган. «Коммерсант» эса «Анатолий Чубайс Истанбулда» ёзувли суратни эълон қилган.

Унинг ўзи вазият бўйича изоҳ бермаган. Forbes журналистлари у билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган. У Россиядан кетгани ҳақидаги саволни эшитиши билан жавоб бермасдан, гўшакни қўйган. У Reuters агентлиги мухбирининг қўнғироғига ҳам шундай муносабатда бўлган.

Чубайс Россия элитасининг бошқа вакиллари қатори, Россиянинг Украинага босқинини очиқ қораламаган. Фақат собиқ вице-премьер, айни вақтда ФИДЕ раҳбари бўлган Аркадий Дворкович бундан мустасно. Шунингдек, миллиардер Михаил Фридман ҳам билвосита ўз норозилигини ошкор этган.

Чубайс урушга норозилигини 19 март куни сафдоши Егор Гайдарнинг туғилган кунида ёзган постида пардаланган ҳолда изҳор этган.

«Россия келажаги борасидаги ўзаро баҳсларимизда мен ҳар доим ҳам у билан ҳамфикр бўлавермайман. Аммо, афтидан, Гайдар стратегик рискларни мендан яхшироқ англайди, мен эса ноҳақ бўлганман», - деган у фейсбукдаги саҳифасида.

Bloomberg Чубайсни Россиядаги хусусийлаштириш меъмори деб атаган ва айнан у 1990-йилларда Путинга унинг Кремлдаги илк лавозимини берганини, кейинроқ эса унинг ҳокимиятга келишига хайрихоҳ бўлганини эслатган.