Нашр Николай, Виталик ва Иван, DevOPS-муҳандис Антон, iOS-дастурчи Иван ва Python-дастурчи Дмитрий, айтичи Сергей ва исмлари сир сақланишини сўраган яна икки мутахассис билан суҳбатлашди.

Нима учун Ўзбекистон?

Суҳбатдошлар турлича жавоб қайтаришди: Грузияга кетишни режалаштирган, аммо Тошкентда компаниянинг офиси бор эди; Ўзбекистонда яшаш арзон деб ўйлаган; Самарқанд, Бухорони кўришни анчадан буён орзу қилган.

Иван Ўзбекистонга 1 март куни оиласи билан келган ва Туркияга кетишни режалаштирмоқда. Унинг айтишича, Ўзбекистонда яшаш жуда қиммат. Николай ҳам Ўзбекистонни «бошқа мамлакатга кетиш учун ўтказув пункти» деб ҳисоблайди.

Уларнинг кўпчилиги учун шароитлар жозибали бўлиб туюлган. Ўзбекистонда хусусий корхона очиб, ўз-ўзини банд қилган шахс мақомини олиш ёки маҳаллий IT-парк резиденти бўлиб, 7,5 фоиз даромад солиғини тўлаш мумкин. Компания бунинг учун Ўзбекистон ҳудудида юридик шахс ташкил этиши, «иқтисодий асосланган бизнес-режаси бўлиши ва фаолиятини махсус рўйхатга асосан амалга ошириши лозим».

Ўзбекистонга қандай келишди?

Николай Тошкентга 15 март куни Россия орқали келган. «Москвадан учдим, божхонада сўроқ қилишди, келишдан мақсадим, ким бўлиб ишлайман, кейинчалик Ўзбекистонда ишлайманми ва ҳоказо. Telegram, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларимни кўришди. Қўрқинчли эмас, лекин ёқимсиз ҳолат».

Бошқа қаҳрамонларни ҳеч ким сўроқ қилмаган, аммо чипта олиш муаммо бўлган. DevOPS-муҳандис Антонни хотини, уч фарзанди ва иккита ити билан компания олиб келган.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, кўплаб айтичиларни аэропортда маҳаллий IT-парк вакиллари кутиб олмоқда: уларни микроавтобусларда меҳмонхонага олиб кетишмоқда.

Банк картаси олиш: 10 дақиқа ва 10 доллар

Банк картаси олиш муаммо эмас: Антон 10 долларга ва 10 дақиқа ичида MasterCard, 10 долларга ва 3 дақиқа ичида маҳаллий Uzcard картасини олган. Қолганлар карта очишмаган – 1 апрелни кутишган. Шу кундан «айтичиларнинг ишга жойлашиши учун енгилликлар яратилиши кўзда тутилган». Ўзбекистон ахборот соҳасидаги инвесторлар, IT-компаниялар муассислари ва мутахассисларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига IT-виза беришни режалаштирган. Жисмоний шахслар уч йиллик виза олишлари мумкин.