Жамият | 17:42 / 16.04.2022
13726
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда фуқарони чегара қўшинлари ҳарбий қисмига ишга киритиб қўйишини айтиб пул олган шахс ушланди

У жабрланувчидан 2 минг доллар талаб қилиб, шундан 900 доллар ва 1,1 миллион сўм олаётганда қўлга олинган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Вилоят ИИб ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 11 апрел куни Термиз туманида яшовчи фуқаро Б.Баҳодир вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзини чегара қўшинлари ҳарбий қисмига ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, пул талаб қилаётган шахсга чора кўришни сўраган.

Б.Баҳодирнинг аризасига кўра, 2022 йилнинг апрель ойи бошларида таниши С.Дилшод унга Термиз шаҳрида жойлашган чегара қўшинларида юқори ловозимда ишловчи танишлари борлигини ва улар орқали ишга жойлаштириб қўйишини айтган.

Сўнг ишга жойлаштириш харажатлари 2 минг доллар бўлишини айтиб, Б.Баҳодир шу пулларни берса, 44 кундан сўнг вилоятларнинг бирида жойлашган чегара қўшинлари ҳарбий қисмларига ишга қабул қилинишини маълум қилган.

Мазкур аризага асосан, 2022 йил 11 апрель куни соат 18:00 ларда вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси, ДХХ ҳамда департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, фуқаро С.Дилшод Термиз шаҳрида Б.Баҳодирдан 900 доллар ҳамда 1,1 миллион  сўм кимёвий ишлов берилган пулларни санаб олган вақтида ушланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 12 апрел куни департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан фуқаро С.Дилшодга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид