Ўзбекистон | 10:47 / 18.04.2022
14252
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда содир бўлган ЙТҲда Nexia-2 машинаси ва бир йўловчи ёниб кетди. Уч киши шифохонага ётқизилди

Nexia-2 ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва рўпарадан келаётган Nexia-3 билан тўқнашган. Оқибатда Nexia-2 машинасида ёнғин содир бўлган ва 1 киши вафот этган, яна уч киши турли даражада жароҳатланган.

Фото: ФВБ

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 17 апрел куни 4Р-190 автомобил йўлининг Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Вилоят ФВБга соат 19:09 ларда Nexia-2 машинаси автомобили ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Ҳодиса юз бераётган жойга дарҳол Зафаробод тумани ФВБдан ёнғин-қутқарув экипажи юборилган.

Қутқарувчилар соат 19:14 да ёнғин содир бўлган жойга етиб боришган, соат 19:19 да ёнғин батамом ўчирилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Зафаробод-Пахтакор йўналишида ҳаракатланаётган Nexia-2 машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишда келаётган Nexia-3 машинаси билан тўқнашган.  Тўқнашувдан сўнг Nexia-2 машинасида ёнғин содир бўлган.

Оқибатда, бир нафар фуқаро вафот этган, яна уч нафар фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Аввалроқ 2022 йил 14 апрел куни Сурхондарё вилояти Ангор туманида содир бўлган ЙТҲда уч киши ёниб кетганди. Бундан ташқари, 2022 йил 3 апрел куни Термиз шаҳрида учта машина иштирокида содир бўлган ЙТҲда Cobalt ва унинг йўловчиси ёниб кетганди.

Мавзуга оид