Соҳибжон Абдуллаев – тажрибали педагог. Ҳамюртимиз 10 йилга яқин вақт давомида Япония давлат мактаби ва Фукуока педагогика университетида инглиз тилидан дарс беради.
Ватандошимиз Kun.uz мухбири билан суҳбатда япон умумтаълимининг ўзига хос хусусиятлари, ўқитувчиларга тўланадиган маош, уларнинг обрўси баландлигининг сабаблари ва кейинги ўқув йилидан Ўзбекистонда япон тажрибасидаги мактаб очмоқчи экани ҳақида сўзлаб берди.
Японияда болани 3 ойликдан боғчага бериш мумкин

Агар ота-онадан бири ишласа, улар болани 3 ойликдан боғчага бериши мумкин ва болалар ҳам асосий тарбияни боғчадан олади. Боғчанинг ўзига хос тартиблари бор: болалар унга қатнай бошлагандан мустақиллик ва жамоавийликка ўргатилади. Катталар болаларини боғчанинг ичкарисигача олиб кириши шарт эмас, кичкинтойларнинг ўзи ҳамма нарсаларини мустақил жойлаштириб боғча машғулотларига қўшилади, боғча ёшиданоқ навбатчилик йўлга қўйилади. Ва бу мактабда ҳам давом этади.
Менинг 5 нафар фарзандим бор: энг каттаси ўрта мактабга, 2 нафари бошланғич мактабга, яна 2 нафари эса боғчага боради. Улар боғча ва мактабдан уйга қайтишгач, ўзбекча тарбия беришга, маданиятимизни ўргатишга ҳам ҳаракат қиламиз.
Бир синфда 42 нафаргача ўқувчи бор

Японияда ўқув йили апрелдан бошланади. Шу ойгача 6 ёшга тўлган болалар мактабга қабул қилинади. Бошланғич мактаб – 1-6-синфлар, ўрта мактаб – 7-9-синфлар, ундан сўнг юқори мактаб – 10-12-синфлар ҳисобланади.
Ўқувчи бошланғич мактабни битиргач, ўз ҳудудидаги ўрта мактабга, уни тугатгач, юқори мактабга имтиҳон асосида олинади.
Мактабларда ҳар куни дарслар бошланиши ва тугашида йиғилиш бўлади, болалар синфхоналарни ўзлари тозалашади.
Мактабда болаларни китоб ўқишга ўргатувчи алоҳида кутубхона дарси бор. Бунда болалар кутубхонадан китоб олиш ва фойдаланиш, уни ўқиш қоидаларини ўрганади.
Бир синфда 42 нафаргача ўқувчи бўлиши мумкин. Болалар боғчадан ўз-ўзи билан ишлашга ўргатилгани учун кўп сонли ўқувчилар билан ишлаш қийин эмас. Масалан, инглиз тилидан янги нарса ўргатсам, ҳар бир ўқувчидан сўраб ўтирмайман, болаларнинг ўзлари гуруҳларга бўлиниб, бир-бири билан савол-жавоб қилади. Оралиқ ва якуний назорат орқали ўқитувчи уларни баҳолайди.













