Тошкентда учта музейни реконструкция қилиш ишлари турк компаниясига тендерсиз топширилди
Тошкентдаги учта музейни реконструкция қилиш билан Туркиянинг Outdoor Factory компанияси шуғулланадиган бўлди. Истисно тариқасида тендер ўтказилмаган. Бу компания сўнгги вақтларда “Истиқлол” мажмуаси, Янги Ўзбекистон номли боғ ва университет, эски шаҳардаги сайёҳлик маркази ва Magic City каби лойиҳаларда ҳам иштирок этган.
Тошкентдаги Ўзбекистон тарихи музейи, Темурийлар тарихи музейи ва Табиат музейини реконструкция қилиш ҳамда рақамлаштириш ишлари лойиҳасини Туркиянинг Outdoor Factory компанияси амалга оширади.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 29 апрел куни имзолаган қарордан маълум бўлишича, бу лойиҳаларни бажариш учун турк компанияси билан тўғридан тўғри шартнома тузишга истисно тариқасида рухсат берилган.
Бу музейларни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари кейинги 5 ой муддатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Ажратиладиган маблағ миқдори кўрсатилмаган.
Gazeta.uz'нинг эътибор қаратишича, Outdoor Factory компанияси “Истиқлол” мажмуаси ва “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғи, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университети, Тошкентнинг эски шаҳар ҳудудида жойлашган туристик марказ (Зарқайнар кўчасини реконструкция қилиш)ни лойиҳалаш ва қуришда, “Технопарк” (собиқ ТАПОиЧ) ҳудудида жойлашган аквапарк лойиҳаcида, Magic City қурилишининг иккинчи босқичида ҳам иштирок этган.
Outdoor Factory – Тошкентдаги миллиардлаб сўмлик қурилиш лойиҳаларини тендерсиз қўлга киритаётган Mimar Group'нинг яқин ҳамкори ҳисобланади. 2021 йил 9 ноябр куни икки компания ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги очилганига 15 кун бўлган компания билан 1 млрд сўмлик, худди шу тадбиркорга тегишли, бироқ аввалроқ ҳокимники бўлган бренд билан 756,7 млн сўмлик шартномалар тузган, шунингдек, 1 млрд сўмлик Аrtel маиший техникаларини харид қилганди.
Бундан ташқари, Тошкент ҳокимига алоқадор бўлган Eco House-Group қиймати камида 403 млрд сўмлик йирик лойиҳаларни тендерсиз олгани ҳам маълум бўлганди.
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024