12 май куни Финландия президенти Саули Ниинистё ва бош вазир Санна Марин НАТОга тезроқ аъзо бўлиш зарурлиги ҳақида қўшма баёнот берди. Унда НАТОга аъзо бўлиш мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаши қайд этилиб, яқин вақтлар ичида бу қарорни қабул қилиш учун миллий даражада барча зарур чоралар кўрилишига умид билдирилган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Финландиянинг НАТОга аъзолик ҳақидаги аризаси Россия томонидан сўзсиз таҳдид сифатида кўрилади. Унинг сўзларига кўра, Финландиянинг НАТОга киришига жавобан Россиянинг ҳаракатлари алянс ҳарбий инфратузилмасининг мамлакат чегараларига қанчалик яқинлашишидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Аввалроқ Россия финнлар ва шведларга «ҳарбий-техник жавоб» ва «мудофаанинг қонуний манфаатларини таъминлаш учун зарур бўлган барча чоралар» билан таҳдид қилганди.

Швеция ва Финландиянинг (ёки ушбу мамлакатлардан бирортасининг) НАТОга қўшилиши бутун Европа қитъаси учун хавфни камайтирадими ёки Европа янада хавфли жойга айланадими?

НАТО - Иккинчи жаҳон уруши якунлангач тузилган мудофаа альянси. Ҳозирда унинг таркибида 30 мамлакат бор. Альянс штаб-квартираси - Брюсселда жойлашган, аммо ташкилотнинг асосий ҳарбий қудрати, жумладан ядровий кучи - Вашингтоннинг қўлида.

Финландия ва Швеция - ривожланган демократик мамлакатлар ва НАТОга аъзо бўлиш мезонларига жавоб беради. Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг аллақачон бу мамлакатларни қучоқ очиб кутиб олиши ва уларнинг аъзолигини расмийлаштириш кечиктириб ўтирилмаслигини маълум қилган.

Йенс Столтенберг Швеция ва Финландия агар истак билдирса, уларни қабул қилиш йўлини «нисбатан тезроқ» топишга ваъда берган.

АҚШнинг Европадаги қуруқлик қўшинлари қўмондони лавозимидан истеъфога чиққан армия генерал-лейтенанти Бен Ҳоджес ушбу мамлакатлар қўшилиши Ғарб учун фойдали бўлишига шубҳа билдирмайди: «Швеция ва Финландия НАТОга аъзо бўлиб кириши - бу улкан ҳодиса, воқеаларнинг жуда ижобий ривожи бўлган бўларди. Иккиси ҳам - ривожланган демократик давлатлар, уларнинг иккисининг ҳам армияси жуда яхши, малакали ва модернизация қилинган, мобилизация тизими жуда яхши йўлга қўйилган».

Финландия мисолида ҳарбий интеграция аллақачон у ёки бу шаклда амалга оширилмоқда. Яқинда Британиядан келган танк экипажлари финнларнинг зирҳли бригадаси таркибида НАТОнинг кўп миллатли Бирлашган экспедиция кучларини (Joint Expeditionary Force, JEF) ташкил этувчи америкалик, латвиялик ва эстониялик ҳарбийлар билан биргаликдаги манёврларда иштирок этди.