15:09 / 24.05.2022
100262

Наманганда мактаб ўқувчиси «Жигули»да тенгдошини босиб кетди

Фото: Видеодан скриншот

Наманганда 14 ёшли мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси бошқа бир ўқувчининг ўлимига сабаб бўлди. ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати ижтимоий тармоқда тарқалган, Косонсой туманида вояга етмаган бола иштирокида содир бўлган ЙТҲ юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 20 май куни соат 14:45 ларда Косонсой тумани «Кушон» МФЙ, Ҳуррият кўчасида 14 ёшли бола (тумандаги 5-сонли мактабнинг 7-синф ўқувчиси) «ВАЗ-2106» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг ўнг четида кетаётган пиёда Х.Б.ни (2008 йилда туғилган) уриб юборган.

Авария оқибатида пиёда Х.Б. оғир тан жароҳатлари олгани сабаб шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Косонсой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Жигули» рулида бўлган бола «бировнинг машинасини бошқаргани, оёғидаги босоножка газга тиқилиб қолгани ва тормоз ўрнига яна газни босиб юборгани» ҳақида айтган.

«Барча ота-оналардан вояга етмаган ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фарзандларига автомобиль бошқаришга рухсат бермасликларини сўраймиз», дейилади ЙҲХХ хабарида.

Top