Ўзбекистон | 17:59 / 28.05.2022
8793
3 дақиқада ўқилади

967 та таклиф ва Тошкент шаҳри энг фаол — Конституциявий комиссия брифинг ўтказди

Бугун, 28 май куни Конституциявий комиссия матбуот котиби Одил Тожиев брифинг ўтказиб, комиссияга келиб тушган таклифлар юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, 28 май куннинг биринчи ярмига қадар комиссияга жами 967 та таклиф келиб тушган.

«24 май куни қисқа муддатда «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» бош ғояси асосида фаолият кўрсатувчи махсус ахборот платформаси иш бошлаши, унга қадар taklif@meningkonstitutsiyam.uz ёки taklif@2022.uz электрон почталари орқали таклифлар юбориш мумкинлигини эълон қилган эдик.

26 май кунидан бошлаб эса, электрон почтадан ташқари, “www.meningkonstitutsiyam.uz” онлайн платформаси, Telegram махсус боти, 1341 қисқа рақамли “Колл-марказ” сингари воситалар ишга туширилди.

Бундан ташқари, фуқаролар таклифларини ўз ҳудудларидаги маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига оғзаки ёки ёзма шаклда билдириши учун шароит яратилди.

Таклифлар билан ишлаш гуруҳига 28 май 10:00 ҳолатига кўра 967 та таклифлар келиб тушган.

Таклифларнинг демографик таҳлили шуни кўрсатдики, 641 та таклифларнинг ташаббускорлари эркаклар, 263 таси аёллар томонидан юборилган», деди Одил Тожиев.

Комиссия матбуот хизмати раҳбари шунингдек, юборилаётган таклифларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлилларини ҳам келтириб ўтди.

«Ҳозирга қадар Конституциявий комиссияга таклифларни йўллаш борасида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги фуқароларимиз бошқа ҳудудларга нисбатан фаол бўлганини кўришимиз мумкин.

Таклифларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатдики, халқимизга сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, экологияга устувор аҳамият қаратиш, хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларда конституциявий кафолатларни кучайтиришга оид таклифлар келиб тушган.

Халқимиз, кенг жамоатчилик амалдаги Конституциянинг барча, 6 та бўлимига ўзгартириш ва қўшимча киритиш билан боғлиқ таклифларни берган бўлиб, уларнинг аксарияти Бош қомусимизнинг иккинчи, учинчи ва бешинчи бўлимларига тегишли бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, келиб тушган таклифлар Комиссия аъзолари иштирокида кўриб чиқилмоқда ҳамда тегишли хулоса билан Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида муҳокамага киритилади.

Йиғма-ахборот таҳлил гуруҳи таклифларни кўриб чиқишда миллий манфаатларимизга, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига мослиги, хорижий давлатларнинг илғор конституциявий тажрибаси ҳисобга олинганлиги, конституциявий ҳуқуқ илмининг талабларига жавоб бериши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда», – деди у.

Комиссия матбуот котиби брифинг якунида кенг жамоатчиликни Конституциявий комиссияга таклиф юборишда фаол бўлишга чақириб, бу борада бирор таклиф ва ташаббус эътибордан четда қолмаслигини ҳам эслатиб ўтди.

Мавзуга оид