Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 31 май кунги ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметовнинг давлат бюджети бўйича ҳисоботи тингланди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳисобот доирасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича ҳам фикрлар янгради.

“Адолат” партияси депутати Муҳаммаджон Валиев лойиҳа доирасида сунъий овоз йиғиш, тил бириктириш ёки таълим соҳаси ходимларини жалб қилиш каби ҳолатлар бўлганини айтиб, вазирдан булар такрорланишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилаётганини сўради.

Ишметов бу фикрга қўшилмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ўтган йили 1,1 млн нафар, бу йил эса 6,7 млн нафар фуқаро иштирок этган.

“Мазкур рақамларнинг ўзи кўрсатадики, одамларда қанчалик даражада муаммолар кўп, мана шу муаммоларни эса улар ўзлари ҳал қилишга ҳаракат қилишга тайёр. Бу ерда айтилган айрим гапларга, мен узр сўрайман, қўшилмайман. Нимагадир шу “Адолат” партияси бу масалани бир “тиламчилик” дейди, бир яна нимадир ёки “тил бириктириш” дейди. “Халқ учун долзарб бўлмаган лойиҳалар бериляпти”, дейди. Мен бу жараёнларда тил бириктириш деган нарсани тушунмайман.

Кўп жойларда кўрганмиз, айрим маҳаллаларда ҳам. Маҳаллада фуқаролар сони кам бўлгани учун ҳар бир маҳалла ўзининг лойиҳаси учун овоз бериб, арзимаган сон билан туманда лойиҳа ютмагандан кўра, одамлар бир-бири билан гаплашиб: “Қўйинглар, бир гал шу атрофдаги маҳаллалардан бири бизнинг лойиҳага овоз берсин, кейинги сафар биз уларнинг лойиҳасига овоз берамиз”, деб ҳаракат қилишади. Мана бизнинг ўзбек халқи қанчалик сабрли, юраги кенг. “Майли, бизнинг муаммо кейинги йил ҳал бўлсин, бу гал яна бир йил кутамиз”. Лекин мана ҳал бўлсин деганда қўлланаётган тактика ва стратегиялар. Мен узр сўрайман, чунки мен бу жараённи сунъий овоз йиғиш ёки қандайдир тил бириктириш деб ҳисобламайман.

Албатта, камчиликлар бор. Қаердадир турли хил тактикаларни қўллаб, кимдирлар 2 минг сўмдан пул йиғган, бошқа қилган. Лекин буларни қилган ташаббускорнинг ишини шу жараёнда қатнашган барча одам қилиши мумкин. Улар ҳам шу ишни қилса бўлади, имконият ҳамма учун бир хил.

Биз ўтган йилги натижалардан қониқмаганимиз учун депутатларга, ОАВ, таниқли блогерларга мурожаат қилдик: “Мана шу давлатнинг лойиҳасини тарғиб қилишга ёрдам беринглар, одамлар ишонмаяпти”, деб. Ҳамманинг фикрини эшитдик, шунга қараб овоз бериш, рўйхатдан ўтиш жараёнларини соддалаштирдик. Ўтган йилги овоз бериш қийин бўлган жараёнларда 1 миллиондан зиёд одам қатнашган бўлса, соддалаштириш ҳисобига 6 млн 700 нафар фуқарони қамраб олдик.

Бундан ташқари, биз мана шу очиқ “Ташаббусли бюджет” жараёнларини муҳокама қилишга йиғиламиз, бунда ОАВ катта ёрдам беради. Kun.uz, Gazeta.uz, бир-иккита таниқли блогерлар: Хушнудбек Худойбердиев, Davletov, иқтисодчи Отабек Бакиров деганлари. Улар шу Молия вазирлигига келиб, аҳолидан тушаётган таклиф, эътирозларини олиб келишади, биз шуларни доимий равишда муҳокама қилиб борамиз. Агар мана шундай муҳокамани лозим деб топсангиз, сизларни ҳам таклиф қиламиз. Барча таклифларни шу масалани ечими учун муҳокама қилиб, рўёбга чиқариш бўйича ишлаймиз”, деди Молия вазирлиги раҳбари.