Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда жами 162 та ОТМ мавжуд. Нодавлат ОТМлар сони 25 тага, хорижий ОТМлар ва филиаллари эса 30 тага етган. Бу йил ҳисобида бир нечта ОТМ янги очилди ёки қайта ташкил этилди.

Фармацевтика техник университети

“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Фармацевтика техник университети ташкил этилди ва ОТМга қабул 2022/2023 ўқув йилидан грант, тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Университет Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги муассислигида ташкил этилган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, унинг фаолияти Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.

Андижонда янги ОТМ

Андижон давлат чет тиллари институти ҳам жорий йилда янги ташкил этилган ОТМлардан бири. Институтда қабул шу йилдан бошланиши белгиланган. Институт талабаларига иккита хорижий тил бўйича квалификация берилади.

Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.

Масофавий таълим берувчи ОТМ

Ҳукумат қарори билан IT-Park University рақамли университети ташкил қилинди. Бу ОТМга қабул шу йилдан бошланади.

МЧЖ шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилотида ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш соҳалари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланади.

Талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Янги университетда таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида, ўқитиш масофавий таълим шаклида олиб борилади, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа таълим шаклларида ҳам амалга оширилиши мумкин.