Американинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари Украинага етказиб берилиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди, чунки уларда шундоқ ҳам бу қуролларга муқобил бўлган советлар даврига мансуб ва Россияда ишлаб чиқарилган «Град», «Смерч», «Ураган» тизимлари мавжуд. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
У «масофа тизимнинг ўзига эмас, қўлланадиган ракетага боғлиқ» эканини айтиб, агар Украина узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар олса, Россия «ҳозирча ҳужум қилинмаган объектларга зарба бера бошлаши» билан таҳдид қилди. Путин айнан қандай объектларни назарда тутганига аниқлик киритмаган, аммо Россия ҳукумати аввалроқ бир неча бор Киевдаги «қарор қабул қилиш марказлари» бўйлаб зарбалар бериш ҳақида огоҳлантирганди.
«Бу америкаликлар қандай ракеталар етказиб беришига боғлиқ. Лекин биз бугун эшитаётганимиз ва тушунаётганимизга кўра, бу 45-70 км масофага уча олувчи ракеталардир. Бундай ракеталар мен юқорида айтган «Град», «Ураган», «Смерч»ларда ҳам бўлган. Уларда ҳам 40-70 км масофа. Ҳеч қандай янги нарса йўқ.
Қўшимча қурол-яроғлар етказиб бериш атрофидаги гап-сўзлардан, фикримча, фақат бир мақсад кўзланган — имкон қадар қуролли можарони чўзиш. Агар узоқни мўлжалга олувчи ракеталар етказиб берила бошласа, биз керакли хулосани чиқарамиз ва ўзимизнинг йўқ қилувчи воситаларимизни ишга соламиз, ҳозирча ҳужум қилмаётган объектларга зарба бериш учун уларнинг сони бизда етарли», деган Путин Америка етказиб берадиган тизимлардан Россия ҳудудига зарба берилиши эҳтимоли ҳақида.
Россия президентининг таъкидлашича, Ғарбнинг таъминоти жанговар ҳаракатлар пайтида йўқ қилинган қуроллар ўрнини қоплаш учун мўлжалланган, холос. Унинг баёнотига кўра, худди шу ҳолат Россия ҳаво мудофааси гўёки «ёнғоқдек чақаётган» дронлар билан ҳам юз бермоқда.
Украинага Ғарб қуроллари етказилиши жанг майдонидаги вазиятни қандай ўзгартирмоқда?
1 июн куни АҚШ Украина учун ўқ-дори, қуроллар ва техникалардан иборат янги пакет украин ҳарбийлари анчадан буён сўраб келаётган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларини ҳам ўз ичига олишини маълум қилганди.
«HIMARS уларга [украинлар] қарши туришда кенгроқ имкониятлар тақдим этади. Ҳозирда биз уларга аввалроқ етказиб берган гаубицалар 30 км атрофидаги масофага зарба бериши мумкин. HIMARS’нинг ўқ отиш масофаси икки баробардан ошиқроқ, бу эса уларга ҳатто кам миқдордаги учириш қурилмалари билан ҳам [россиялик ҳарбийларга] нисбатан муваффақиятли қаршилик кўрсатиш имконини беради», – деди АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал Пентагондаги брифингда.
















