АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Муродилла Абдуҳакимов ички бозорда ун ва дон маҳсулотлари нархининг ўсиши ва тақчиллигининг олдини олиш бўйича ташкил этилган республика штабининг фаолияти ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, ун маҳсулотларини харид қилувчи нон ишлаб чиқарувчиларнинг биржа савдоларида қатнашишига кўмаклашиш ва юзага келган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда:

  • ҳар куни республика штабининг йиғилиши онлайн тарзда ўтказилиб, ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биржада сотилиши ва нон ишлаб чиқарувчиларга етказилиши ҳолати муҳокама қилиб борилмоқда;
  • республикадаги мавжуд 4,5 мингга яқин қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга прокуратура, департамент, МИБ ва солиқ идораларининг жами 2 137 нафар ходими бириктирилиб, уларга ташкилий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилган.

Дастлабки тўрт кун давомида 37,6 минг тонна ун биржа савдоларига қўйилган. Шундан 34,3 минг тоннаси 7 мингдан ортиқ тадбиркорларга сотилган.

Дон корхоналари томонидан, жорий йилнинг июнь ойида 170 минг тонна ун биржа савдолари орқали сотилиши режалаштирилган бўлиб, талаб мавжуд бўладиган тақдирда, ушбу миқдорни янада ошириш имконияти ҳисоб-китоб қилинган.

Муродилла Абдуҳакимовнинг маълумотларига кўра, биржадаги дастлабки тўрт кун давомида муқаддам турли хил сабабларга кўра фаолияти тўхтаб қолган 10 та қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти тикланган, 205 нафар тадбиркорга нон қолипи ҳамда ишлаб чиқариш ускуналари олиб берилган, айланма маблағни шакллантириш учун 1 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган, 763 та корхонага биржа савдоларида иштирок этиб, ун сотиб олиш учун рўйхатдан ўтказилишига кўмаклашилган, 76 тасининг солиқдан қарзи мавжудлиги аниқланиб, солиқ идоралари томонидан тўлаш муддати кечиктирилган, 111 та корхоналарнинг электр, газ ва сув таъминотидаги муаммолари бартараф қилинган.

Янги тизимга кўра, ғалланинг бир килограмми, дастлабки нарх сифатида 3 минг сўмдан қабул қилинаётганлиги ҳамда келгусида биржа нархларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу нархга яна қўшимча ҳақ тўлаб берилиши барча деҳқон, фермерлар ҳамда кластерлар томонидан ижобий кутиб олинган.

Қабул қилинган дон учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ишлари бошланган бўлиб, ҳозирга қадар ғалла етиштирувчиларга 146 млрд сўм тўлаб берилган.

Бундан ташқари, ғалла етиштирувчилардан режадан ташқари ортиқча дон талаб қилинишига чек қўйилиб, ушбу жараён прокуратура ходимлари томонидан назоратга олинган.