9 июн куни Оҳангаронда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўйича “Тошкент вилояти имтиҳон маркази” иш бошлади. Шу куни бўлиб ўтган очилиш маросимида марказ асосчиси Комил Алламжонов Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.
— Бундай автоматлаштирилган имтиҳон марказлари аввалига Тошкент шаҳрида, эндиликда Тошкент вилоятида очилди. Келгуси режаларингиз қандай?
— Ҳозирда Фарғонада ишларни бошладик. Худо хоҳласа, қурилиш бошланди у ерда ҳам. Айни вақтдаги режамиз бўйича Фарғона, Андижон ва Наманганда ҳам бу каби имтиҳон марказини очиш режа қилинган. Албатта, ҳар қандай ишни бошлаган одам имкон даражасида, максимал даражада бозорга кириб боришни хоҳлайди, бизнинг ҳам ниятларимиз – бутун республикага етиб бориш.
— Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномаси олишдаги коррупция ҳолатлари нолга тенглаштирилди, энди Тошкент вилоятида ҳам шундай бўлади дедингиз. Лекин бу ерда гувоҳнома олишдаги барча босқичлар эмас, фақат бевосита имтиҳон топширишдаги коррупция ҳақида гап кетяпти, шундай эмасми?
— Бу марказлар филтр вазифасини бажаради. Масалан, Тошкент вилоятида юзлаб автомактаблар бўлиб, шу вақтгача “ГАИ” тизими орқали имтиҳон ўтказилган бўлса, амалда бу нарса ўзини оқламади. Шунинг учун ҳам бу хусусий секторга берилди. Бунақа марказларнинг афзаллиги шундан иборатки, билими йўқ одам йўлга чиқолмайди, яъни ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайди.
Масалан, сиз келиб, имтиҳондан ўтолмадингиз. Нима қиласиз? Биринчи мактабга қайтиб борасиз-да, “мени яхшилаб ўқитгин” дейсиз. Бу тизим таълим тизимининг сифатини оширишга хизмат қилади.

Таниш-билишчилик, телефон қўнғироқлар ишламаганидан кейин, фақат билим ёрдам беради, имтиҳондан фақат билимлиларгина ўта олади. Ўз ўрнида, автомактаблар орасида сифат учун рақобат бошланади. Олдин рақобат фақат нархлар ўртасида бўлган.
Мисол учун, 276 соатлик ўқув дастури бўладиган бўлса, қайсидир мактаблар буни 2,5 млн сўмга, яна қайсиларидир 1,5 млн сўмга ўқитяпти. Вилоятларда эса 800 минг сўмга ўқитаётган ҳолатлар ҳам бор – аслида шу мактабларда ҳақиқатда коррупция бор, уларда ҳақиқатда ноқонуний ҳаракат бўляпти деган маънони беради. Нимага десангиз, 276 соатга битта ўқитувчининг ойлигини ҳисоблаб чиққанингизда ҳам, агар битта мактаб 276 соат ўқитса, унинг таннархи 3 миллионга яқин бўлади. 3 миллионлик таннархи бўлиб туриб, 800 минг сўмга қандай ўқитади? Демак, белгиланган соатлар ҳаммаси ҳам ўтилмайди, кўчага чиқиб 50-60 соат ҳайдаши керак бўлса, 20 соат ҳайдайди ёки қолгани фақат нақдда бериб келади.





