Мамлакат асосий қонуниннинг 1992 йилдан буён ўзгармай келаётган 1-моддаси таҳририда ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Лойиҳанинг таклиф этилаётган матнига кўра, Ўзбекистон — суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат экани белгиланмоқда. Хўш, бу ўзгаришлар амалдагисидан нимаси билан фарқ қилади?

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 7 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган табригида «Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз», деб ҳуқуқий давлатнинг муҳим талаблари ҳақида таъкидлаб ўтди.

Мазкур табрикда «...ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат», деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди»..., «Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.

Шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди», деб баён этилган.

Ушбу қўшимча билан Ўзбекистон давлатининг сиёсий-ҳуқуқий мақомига янги учта, яъни «ҳуқуқий давлат», «ижтимоий давлат» ва «дунёвий давлат» тушунчалари қўшимча қилинмоқда.