Ўзбекистон | 16:52 / 30.06.2022
6800
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда сохта ҳужжатлар билан ўзганинг мулкини ўзлаштирган банк ходимларига жиноят иши қўзғатилди

“Mikrokreditbank” АТБ Сирдарё вилоят минтақавий филиали ходимлари ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан 60 миллион сўмни ўзлаштириб, талон-торож қилишган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, “Mikrokreditbank” АТБ Сирдарё вилоят минтақавий филиали ходимлари А.У. ва О.Ю. ҳамда “MUXAMMADJON NURLI FAYZ” МЧЖ норасмий раҳбари С.Д. билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктирган.

Улар 2020 йил август ойида тадбиркорлар Ж.А. ва Қ.Г.нинг номига тикувчилик фаолиятини такомиллаштириш мақсади билан чиқарилган 60 миллион сўм кредит ҳужжатларини ҳамда кафил сифатида иштирок этмаган фуқаро Н.М. ва фуқаро О.И.ни кафил сифатида расмийлаштириб, уларнинг номидан бажарилган имзо ва ёзувларни сохталаштирган.

Сўнг 60 миллион сўмни норасмий раҳбари С.Д. бўлган, ҳисобида тикувчилик ускуналари бўлмаган, “MUXAMMADJON NURLI FAYZ” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, пулларни нақдлаштириб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди, 228-моддаси 3-қисми ва 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда АТБ “Микрокредитбанк” Сирдарё минтақавий филиали собиқ ходими А.У. ва бошқаларни айблаш ҳақидаги жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қашқадарёда пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилган банк ходимлари аниқланганди.

Мавзуга оид