Чикаго расмийлари шаҳар чеккасидаги Ҳайленд-паркда Мустақиллик куни муносабати билан ташкил этилган парадда ўт очилиши оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, 30 дан ортиқ киши ярадор бўлганини хабар қилди. Воқеа жойида винтовка топилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятчи томдан туриб одамларни ўққа тутган. Полиция хабар қилишича, у нарвон орқали туризм учун маҳсулотлар сотиладиган дўкон томига чиққан ва одамларга қарата ўт очган.
У тезда воқеа жойидан яширинган. Бироз вақт ўтиб полиция унинг шахсини аниқлаган: бу 22 ёшли Роберт Краймо III бўлган.

Полициянинг ҳисоблашича, у ёлғиз ҳаракат қилган. Милтиқ ҳужум жойида ташлаб кетилганига қарамай, унда ҳамон қурол борлиги ва хавфли экани айтилган.
Ҳужум мотивлари ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ.
Ҳайленд-парк полицияси шефи Крис O'Нилнинг сўзларига кўра, гувоҳлар гумондор оқ танли ва оқ ёки ҳаворанг футболкада бўлганини хабар қилишган.
«Ҳуқуқ-тартибот органлари жиноятчини қидириш билан банд, жиноят жойида ўқотар қурол топилган. Кўп сонли полиция ходимлари воқеа жойига етиб келишган ва Ҳайленд-парк атрофи ўраб олинган», дейилади Ҳайленд-парк расмий сайтида.
Кўп ўтмай уни қидириш ишлари муваффақиятли якунланган. CNN телекомпанияси хабар қилишича, полициячилардан бири Краймони автомобил рулида кўриб қолган ва уни тўхтатишга уринган. Гумонланувчи бўйсунмаган, аммо тез орада уни қувиб етиб, қўлга олишган.

«У яна ўт оча бошлади»
Парад бошланишидан ўн дақиқа ўтиб ўқ овозлари эшитилган ва байрам тўхтаган. «Мен бирин-кетин чиққан 20-25 ўқ овозини эшитдим, бу тўппонча эмас, милтиқдан отилаётганди», дея ҳикоя қилади Chicago Sun-Times нашрига маҳаллий аҳоли вакили Майлз Заремски.
«У бироз танаффусдан кейин биз томонга яна ўт очди ва бир аёл ерга қулади», дейди WGN каналига воқеанинг бошқа бир гувоҳи Майкл.
Отишма бир неча дақиқа давом этган. Парадга келганлардан бири, 39 ёшли Александер Сандовалнинг айтишича, отишма бошланганида беш ёшли ўғлини кўтариб бинолардан бирининг ичига кириб яширинишга уринган, аммо бунга муваффақ бўлмаган; шундан кейин у тор кўча томон чопган ва ўғлини чиқинди идиши ичига ташлаган. Унинг рафиқаси ва қизи «Макдональдс» ресторанига яширинган.

















