11:45 / 07.07.2022
46784

«Қамишзор ичига бекиндим, тополмай қайтиб кетишди» — Шуманайда хоразмлик фермернинг даласига ҳужум қилинган

1-2 июл кунлари Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар фақат Нукус шаҳридагина бўлмаган. Хоразмлик фермер Жабборберди Исмоилов яшаб, ишлаб келаётган Шуманай туманида ҳам унга ва яқинларига ҳужум қилинган.

Фото: Kun.uz

Хоразмлик фермер Жабборберди Исмоилов 23 йилдан бери Қорақалпоғистонда деҳқончилик қилиши, шу вақтгача оға-инидек бирга ишлашганини айтади.

«Биз эрта баҳорда Шуманайга келамиз ва ноябр ойларида, ҳосил йиғиштириб бўлинганидан сўнг ўз уйимизга қайтамиз. 1999 йилдан буён шу заминда деҳқончилик қилиб келамиз ва бирор марта бундай ҳолат кузатилмаганди.

Ўша йили туғилган набирам 23 ёшга кирди. Биз маҳаллий аҳоли билан оға-инидек эдик. Билмадим, бу зиддият қаердан пайдо бўлди.

Ишчиларим орасида маҳаллий деҳқонлар бор, ўзим, фарзандларим, набираларим билан деҳқончилик қилардик. Ҳамиша пахта ва ғалла режаларини бажарардик, шолидан дуруст ҳосил олиб келаётгандик», дейди у.

Фермернинг ҳикоя қилишича, 2 июлдан 3 июлга ўтар кечаси унинг даласига маҳаллий йигитлардан иборат гуруҳ ҳужум қилган ва атрофга ўт қўйган.

«Ўша кунлари даламиз ёнидаги вагонда ухлаб ётгандик. Бирдан атроф кундуздагидек ёришиб кетди. Чиқсам бир неча жойга ўт кетган, кимлардир югуриб юрибди. Набирамни чақирдим ва бирга чиқиб улар томон бордик. Бизни кўриб қочиб кетишди. Оловни амаллаб ўчириб олдик. Лекин улар қайтиб келишди ва «Кет, йўқол юртингга« деб ҳақоратли сўзлар билан бақира бошлашди. Айримларини танидим, маҳаллий йигитлар.

Кўплашиб ҳужум қилганларидан кейин набирам бир томонга, ўзим қамишлар орасига қочдим. Келиб қамишларни уриб роса излашди. Тополмай қайтиб кетишди. Кейин борсам комбайнларим, бир вагон ичидаги 150 млн сўмлик эҳтиёт қисмлар ёниб кетибди. Ҳозир ҳужум қилганларни тутиб келишди, тергов давом этяпти», – дея Жабборберди Исмоиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top